Ўзбекистонда ЖШДСнинг прогрессив шкаласига ўтиш таклиф қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш, солиқ ва божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш ҳамда фискал таҳлил институти ўрта муддатли истиқболда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг (ЖШДС) прогрессив шкаласига ўтишни таклиф қилди. Мазкур ташаббус 30 июль куни бўлиб ўтган Фискал мулоқотда тақдим этилди.
Шу билан бирга, институт амалдаги асосий солиқ ставкаларини ўзгартиришсиз сақлаб қолишни таклиф этмоқда.
Тақдим этилган презентацияга кўра, фойда солиғи ставкаси 15 фоиз, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 12 фоиз ва қўшилган қиймат солиғи ҳам 12 фоиз даражасида сақланиши керак.
Институт вакили таъкидлашича, ЖШДСнинг ягона ставкаси 2019 йилдан буён амал қилиб келмоқда.
Унинг сўзларига кўра, аҳоли даромадларининг ўсиши ва иқтисодиётдаги ўзгаришларни ҳисобга олганда, ўрта муддатли истиқболда прогрессив солиққа ўтиш солиққа тортишда адолат тамойилига мос келади.
Институт, шунингдек, қатъий суммада белгиланган барча солиқ ставкаларини ҳар йили прогноз қилинган инфляция даражасига мувофиқ индексация қилишни таклиф қилди. Ташаббус муаллифлари баҳосига кўра, бундай индексация йилига тахминан 5–6 фоизни ташкил этиши мумкин.
Яна бир таклиф сифатида қатъий солиқ ставкаларини бир йўла уч йиллик давр учун эълон қилиш тавсия этилди. Институт фикрича, бу бизнесга нархларни, шартномалар тузишни ва ишлаб чиқариш ҳажмларини самаралироқ режалаштириш имконини беради, шунингдек, тартибга солиш билан боғлиқ ноаниқликларни камайтиради.
Презентацияда қайд этилишича, таклиф этилган чоралар институт ташаббуси ҳисобланади. Аввалроқ Солиқ қўмитаси ЖШДСнинг прогрессив шкаласига ўтиш ҳозирча идора режаларига кирмаслигини маълум қилган эди.
2025 йил июнь ойида Халқаро валюта жамғармаси ҳам Ўзбекистонга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг прогрессив шкаласини жорий этиш имкониятини кўриб чиқишни тавсия этган эди.