Ўзбекистон

Қорақалпоғистон яшил энергия марказига айланади

Қорақалпоғистон яшил энергия марказига айланади
Қорақалпоғистон яшил энергия марказига айланади / Фото: Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Нукус шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Қорақалпоғистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари мустақиллигимизнинг 35 йиллик байрами шукуҳи давом этаётган кунларда Қорақалпоғистон аҳли билан юзма-юз кўришиб турганидан мамнунлигини билдирди.

Сўнгги йилларда ҳудуд учун катта маблағ, имтиёз ва шароитлар яратилди. Фойда, ер ва мол-мулк солиқлари 2 карра, саноат учун электр тарифи 15 фоизга пасайтирилди, ижтимоий солиқ 1 фоиз этиб белгиланди.

Ўтган йили Қорақалпоғистонга 1 миллиард 700 миллион доллар инвестиция киритилди. Бу 2021 йилдагидан 22 карра кўп.

Бу йил Қорақалпоғистон иқтисодиёти энг тез ўсаётган ҳудудлардан бирига айланди. Жорий йилнинг биринчи ярмида иқтисодиёт 10,2 фоиз ўсиб, ҳудуд Тошкент шаҳридан кейинги иккинчи ўринни эгаллади.

Сўнгги йилларда Қорақалпоғистонда 860 мегаваттли янги энергетика қувватлари ишга туширилди. Беруний ва Қораўзакда шамол станцияларининг қурилиши ҳисобига «яшил» энергия улуши 23 фоизга етди. Электр ишлаб чиқариш 4 карра ошиб, 5 миллиард 330 миллион киловатт-соатни ташкил этди. Бу аҳоли ва корхоналарнинг йиллик талабидан қарийб 3 баробар кўп.

Кеча 7 миллиард долларлик 47 та янги лойиҳа қурилишига старт берилди. Жумладан, Қўнғиротда 2 миллиард 600 миллион долларлик, қуввати 1,5 минг мегаваттли шамол станциясини қуриш бошланди. Лойиҳа доирасида 1,5 минг километр юқори кучланишли тармоқ ва 500 киловолтли 3 та подстанция барпо этилади.

2030 йилгача жами қуввати 3 минг 300 мегаваттли шамол станциялари ишга туширилиб, «яшил» энергия улуши 76 фоизга етказилади, 400 мегаваттли энергия сақлаш қуввати яратилади.

Қорақалпоғистон «яшил» энергия ишлаб чиқариш бўйича минтақанинг энг йирик марказларидан бирига айланади.

Қорақалпоғистоннинг ҳар бир туманида аҳоли турмуш шароитини яхшилашга хизмат қиладиган лойиҳалар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Бўзатовда замонавий санаторий, Нукусда онкология ва радиология маркази, Қўнғиротда болалар шифохонаси ва туғуруқхона ишга туширилди. Амударё ва Тўрткўлда ҳар бири 2 минг ўринли амфитеатр, Нукус шаҳрида гимнастика маркази ва Консерватория филиали фойдаланишга топширилди.

Осиё тараққиёт банки билан 384 миллион доллар ҳисобига А-380 магистраль йўлининг Қўнғиротдан ўтган 240 километри тўлиқ бетон қопламага ўтказилди. Кеча йўлнинг Тўрткўл, Элликқалъа ва Берунийдан ўтган яна 92 километрини қуриш бошланди. Мазкур лойиҳанинг қиймати 233 миллион доллар.

Натижада транзит 1,5 карра ошади. Тўрткўлга кирган юклар Қозоғистон чегарасига бир сутка ўрнига 10 соатда етиб боради.

Келаси йил март ойидан Тошкент – Нукус тезюрар поезди қатнови йўлга қўйилиб, сафар вақти 16 соатдан 7 соатга қисқаради.

«Туямўйин» сув тозалаш иншоотини реконструкция қилиш ва Қўнғиротдан Мўйноққа 100 километр ичимлик сув тармоғини тортиш бошланади.

Президентимиз Қорақалпоғистонда ер, қазилма бойликлар, қуёш ва шамол энергияси, катта яйловлар мавжудлигини қайд этди.

Ана шу имкониятлар асосида “ресурсдан тайёр маҳсулотгача” бўлган занжирни қамраб оладиган янги саноат ва инвестиция харитаси яратилади.

“Қўнғирот – Қораўзак – Тахиатош” йўналиши Қорақалпоғистоннинг “яшил саноат йўлаги” – “интеллектуал иқтисодиёт учбурчаги”га айланади.

Сунъий интеллект ва дата марказ лойиҳалари учун ташкил этилган махсус зонада 8 миллиард долларлик 6 та лойиҳа амалга оширилади.

Мутасаддиларга 1 октябргача беш йиллик дастур ишлаб чиқиб, инвесторлар учун 1 гигаватт қувватли барқарор электр таъминотини йўлга қўйиш топширилди.

Уч йилда Нукус шаҳри, Қўнғирот, Қораўзак ва Тахиатошда 1,5 минг юқори даромадли иш ўрни яратиш, булутли технологиялар ва сунъий интеллект соҳасида йиллик экспортни 600 миллион долларга етказиш вазифаси белгиланди.

Иқлим ўзгариши шароитида ҳавога чиқариладиган иссиқхона газларини камайтириш долзарб масала экани таъкидланди.

«Яшил» энергияни “карбон кредит”га айлантириш Қорақалпоғистонга йилига камида 50-100 миллион доллар даромад олиб келиши мумкин.

Мутасаддиларга бир ойда “карбон кредит” механизмини Қорақалпоғистонда йўлга қўйиш, Япония, Корея, АҚШ, Канада, Буюк Британия ва Австралия каби йирик импортёр давлатлар билан музокаралар ўтказиш топширилди.

“Карбон кредит” экспортидан тушадиган маблағлар инфратузилма учун ажратилаётган маблағларга қўшимча бўлади ва Қорақалпоғистоннинг ўзида қолади.

Йирик хорижий компаниялар “ўрмон карбон кредити” тизими орқали экологик вазияти оғир ҳудудларда дарахт экишни молиялаштириш бўйича таклифлар билдирмоқда.

Йил якунигача Оролнинг 50 минг гектар майдонида “ўрмон карбон кредити” дастурини бошлаш вазифаси қўйилди.

Қорақалпоғистон ҳудудининг атиги 20 фоизида геология ишлари ўтказилган. Йирик инвесторлар келаётган бир пайтда хомашё захиралари бўйича маълумотлар етарли эмаслиги кўрсатиб ўтилди.

Хитойлик инвестор Қораўзакдаги «Урусой» конига 33 миллион доллар сармоя ва технология олиб кириб, 200 гектарда 4 тонна олтин захирасини аниқлаган. Бу ерда 320 та иш ўрни яратилган.

Бир ойда инвесторлар кўтарган масалаларни ҳал қилиб, 1 минг иш ўрнига эга олтин қазиб олиш ва қайта ишлаш кластерини ташкил этиш, комплекс геология-қидирув дастурини ишлаб чиқиб, конлар захираларини қайта баҳолаш топширилди.

Қўнғиротдаги “Борса келмас” конидан ҳар йили 1 миллион тонна техник туз қайта ишланмасдан сотилмоқда. Бўзатовдаги «Кусканатау» конида мирабилитни қайта ишлаб, йилига 45 минг тонна натрий сульфат, астраханитдан эса магний сульфат олиш мумкин.

Германия компанияси Берунийдаги кварсит конига 30 миллион доллар киритиб, кристалл кремний ишлаб чиқариш ва йилига 25 миллион долларлик экспортни йўлга қўйишни режалаштирган. Жаҳон бозорида бир тонна кристалл кремний 5,5 минг доллар туради.

Кимё саноати мутасаддиларига дастлабки 400 миллион долларлик режага қўшимча 200 миллион долларлик лойиҳаларни амалга ошириш ва 5 минг иш ўрни яратиш вазифаси қўйилди.

Тармоқ раҳбарларига Қорақалпоғистонда “хомашё – тайёр маҳсулот – экспорт” занжири асосида лойиҳалар, иш ўринлари ва қўшилган қиймат бўйича аниқ режалар белгилаш топширилди.

Амударё, Беруний, Тахтакўпир, Кегейли ва Тўрткўлда тўқимачилик ҳамда чарм саноатида камида 150 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилади.

Нукус шаҳри, Нукус тумани ва Қораўзакда электротехника саноатида 200 миллион долларлик, Қораўзак, Бўзатов ва Берунийда энергия тежамкор қурилиш материаллари бўйича 100 миллион долларлик лойиҳалар ташкил этилади.

Нукус шаҳрида автомобиль эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқариш бўйича 120 миллион долларлик, Нукус шаҳри, Қонликўл, Кегейли, Чимбой ва Бўзатовда фармацевтика соҳасида 50 миллион долларлик лойиҳалар йўлга қўйилади.

Италиянинг “Бонифика Ферраризи” компанияси билан Тахтакўпирда 50 миллион долларлик лойиҳа бошланмоқда. 2 минг гектарда Италия технологияси асосида помидор ва ғалла етиштирилиб, чуқур қайта ишланади ҳамда Европага экспорт қилинади.

15 октябргача ҳар бир туман бўйича “роад шов”лар ўтказилади. Вилоят ҳокимлари ўз инвесторларини жалб қилиб, 2-3 минг юқори даромадли иш ўрни яратадиган лойиҳаларни бошлайди.

Умуман, келаси йил Қорақалпоғистонга 5 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш вазифаси белгиланди.

Йиғилишда Қорақалпоғистонни камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Қорақалпоғистондаги 2 минг тадбиркор уч йилда 2 триллион 145 миллиард сўм кредитни вақтида қайтариб, банкларнинг ишончли мижозига айланган. “Мижозни ўстириш” модели асосида яна камида 30-40 минг одамни ишли ва даромадли қилиш имконияти бор.

Ҳудудга масъул банк ишончли мижозлар учун 16 фоиз ставкада 300 миллиард сўмлик кредит линиясини очмоқда. Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси 4 фоизлик қисмини қоплаб бериши ҳисобига тадбиркор учун ставка 12 фоизга тушади.

Қолган 8 та банкка ҳам бир ойда шундай қулай маҳсулотларни ишлаб чиқиш топширилди.

Қорақалпоғистонда оилавий тадбиркорлик кредитлари ставкаси 17,5 фоиздан 12 фоизга туширилади.

Келаси йили ресурслар 2 карра оширилиб, Уйчи ва Зарбдор тажрибаси асосидаги «драйвер» лойиҳаларга 100 миллион доллар йўналтирилади. Шу ҳисобдан камида 50 минг одамни даромадли қилиш вазифаси қўйилди.

Икки йилда бизнес инфратузилмасига 370 миллиард сўм ажратилгани ҳисобига 2 минг 200 та савдо-сервис объекти ишга тушиб, 10 мингга яқин иш ўрни яратилган. Нукус туманидаги Дийқан арна маҳалласида 60 ўринли боғча, футбол ва воркаут майдончалари ташкил этилгани маҳаллага янгича кайфият олиб киргани таъкидланди.

Туман ҳокимларига шу йил иқтисодий ўсиш ва бандликка туртки берадиган яна иккитадан лойиҳа қилиб, 10 минг одамни даромадли қилиш топширилди. Бунинг учун 100 миллиард сўм ажратилиб, бир ҳафтада молиялаштириш очилади.

Қорақалпоғистондаги 417 минг гектар экин ерини суғоришга 5 миллиард 700 миллион куб метр сув сарфланмоқда. Йўқотишлар эса 38 фоизни – 2 миллиард 100 миллион куб метрни ташкил этмоқда.

Тўрткўлдаги «Ёнбош» каналидан йилига ўтадиган 115 миллион куб метр сувнинг 44 миллиони йўқотилади. Канал тўлиқ бетонланса, яна 9 минг гектарга сув етказиш ва 15 минг бош қорамол учун озуқа базасини яратиш мумкин.

Бўзатовдаги «Эркиндарё» каналининг 8 километрини бетонлаш ҳисобига фойдаланиладиган ер 3 минг гектарга кўпаяди, 15 минг гектарда сув таъминоти яхшиланади. 3 та сув иншооти ва 22 та артезиан қудуқ барпо этилиши яна 5 минг гектар озуқа майдонини яратиш имконини беради.

Ушбу ишларга жами 135 миллиард сўм ажратиш, икки канални 1 мартгача бетонлаш топширилди. Тўрткўл ва Бўзатовда келаси йил 17 минг гектарда озуқа экиб, 2 минг одамни даромадли қилиш вазифаси белгиланди.

Сув объектларини модернизация қилиш учун Япониядан 4,5 миллион доллар грант жалб қилингани ижобий тажриба сифатида қайд этилди. Келаси йил бундай грантларни 100 миллион долларга етказиш топширилди.

Ўтган йили 30 миллиард сўм ҳисобига 276 та сув насоси энергия тежамкорига алмаштирилиб, йилига 16 миллион киловатт-соат электр тежалмоқда. 1 апрелгача Қорақалпоғистондаги 59 та, қолган вилоятлардаги яна 200 та насос янгиланади.

Қорақалпоғистонда 4 миллион 300 минг гектар яйлов ери бор. Шундан 2,5 миллион гектаридан аҳоли даромадини ошириш ва чорвани кўпайтириш учун етарлича фойдаланилмаяпти.

“Беруний Агростар” Қўнғирот, Беруний ва Чимбойда айланмадан чиққан 2 минг гектар ерни тиклаб, озуқа етиштиришга мослаштирмоқда. Келаси йили яна 5 минг гектар ўзлаштирилади. Бу 14 минг бош қорамол учун озуқа базаси бўлади.

Бўзатовда ҳам 7,5 минг гектар ерни озуқага мослаштиришга 100 миллиард сўм ажратилади. Озуқа етиштиришга ҳар гектар учун 500 минг сўм субсидия бериш бўйича ўн кунда қарор киритиш топширилди.

Миср тажрибасини ўрганиш учун 200 дан зиёд фермер, жумладан, қорақалпоғистонлик 26 нафар фермер ушбу давлатга юборилган. Дастлабки босқичда Қорақалпоғистоннинг 20 минг гектар майдонида Миср тажрибаси йўлга қўйилади.

Чўл ҳудудларида озуқа етиштиришни кўпайтириш учун Мисрдан мутахассислар ва технологиялар жалб этилади. Чорвачилик учун Осиё тараққиёт банкидан олинаётган 60 миллион доллар кредит ва 8 миллион доллар грант биринчи навбатда шу лойиҳага йўналтирилади.

Чорвачиликда йирик комплекслар ташкил этиш учун қўшимча имкониятлар яратилади.

Май ойида чорва бош сонини кўпайтиришга 1 триллион 600 миллиард сўм ресурс ажратилган. Амалда 5 миллиард сўмгача бўлган лойиҳаларга ўн йилга 10 фоизли кредит берилмоқда.

Қорақалпоғистонлик чорвадорларнинг 1-2 минг бошли комплекслар ташкил этиш учун кредит миқдорини 50 миллиард сўмгача ошириш таклифи қўллаб-қувватланди.

Берунийлик чорвадорлар самолётда қорамол ташиш компенсациясининг шартлари енгиллаштирилса, 5 минг бош чорва олиб келишга тайёрлигини билдирган. Энди Қорақалпоғистонга самолётда олиб келинадиган наслли буқалар қийматининг 10 фоизи, ҳар бир бош учун 4 миллион сўмгача субсидия қилинади.

Бир ойда жойи, ташаббускори ва маблағи аниқ бўлган камида 100 минг бошли чорва комплексларининг лойиҳалари шакллантирилади. Қорамол хариди учун кредит ажратиш тартиби енгиллаштирилиб, маблағлар туман штаби хулосаси асосида берилади.

Тахтакўпирда Шинжон тажрибаси асосида озуқа етиштириш йўлга қўйилади.

Мўғулистон, Туркия, Хитой ва Австралиядан 5 минг бош қўй-эчки олиб келиниб, Қорақалпоғистон шароитида кўпайтирилади. Бунинг учун бир ойда 1 минг гектар ерни белгилаб бериш топширилди.

Йил якунигача 10-15 минг гектарда лойиҳаларни шакллантириб, бир йил ичида 100 минг бош қўй-эчки боқишни йўлга қўйиш вазифаси белгиланди.

Президентимиз кеча “Кегейли наслли парранда” корхонаси фаолияти билан танишганини қайд этди. Тадбиркорни қўллаб-қувватлаб, бир йил ичида парранда етиштириш қувватини 2-3 карра ошириш ва корхонани холдингга айлантириш топширилди. Зарур маблағ масаласи ҳал қилинади.

Кегейлидаги техникумда парранда етиштиришни ўргатадиган курслар ташкил этилади.

Қорақалпоғистонда 30 минг гектарда шўрга чидамли олхўри ва кечки ўрик плантацияларини ташкил этиш бўйича уч йиллик дастур амалга оширилади.

Президентимиз Кегейлидаги 330 гектар шўр ерда яратилаётган саноатлашган боғни кўрганини қайд этди. Янги дастур доирасидаги 10 минг гектарда ишлар шу йил бошланади.

Вилоят ҳокимлари 500 ва 1 минг гектардан боғ яратишга масъул бўлади. Андижондан ер бўйича мутахассис ва деҳқонлар келиб, Кегейлида ишларни бошлаган.

Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоят ҳокимлари ва Боғдорчилик агентлиги ўртасида уч томонлама шартномалар тузилади. Икки ҳафтада ҳар бир вилоят учун ер ажратилиб, кафолатли сув таъминоти яратилади. Агентлик 1 октябргача иқлимга мос кўчат навлари ва экиш технологияларини тақдим этади.

Вилоят ҳокимлари уста деҳқон ва агрономларни жалб қилиб, уларга уй-жой қуриб беради. Ҳар бир ҳудудда 50 гектардан боғ жорий йил, қолган майдонларда баҳорда барпо этилади. Қайта ишлаш қувватлари ҳам шу ернинг ўзида ташкил қилинади.

Боғдорчиликда 20 минг одамни ишли қилиш ва уч йилда мева экспортини камида 500 миллион долларга етказиш вазифаси қўйилди.

Келгуси баҳордан Нукус туманидаги 10 минг гектар майдонда қовун етиштириш бошланади.

Йил якунигача Испания, АҚШ, Нидерландия ва Хитойдан қовуннинг энг яхши навлари, уруғчилик ва агротехнология бўйича мутахассисларни олиб келиш топширилди.

Салоҳиятли инвесторларни жалб қилиб, шу ернинг ўзида қовунни қайта ишлаш ва экспорт қилиш билан шуғулланадиган холдинг ташкил этилади.

Нукус туманидаги техникум қовунчиликка мослаштирилиб, лаборатория ва синов полигони билан таъминланади.

Ушбу муассаса Қорақалпоғистон, Хоразм, Жиззах, Қашқадарё ва Сирдарёдаги қовун етиштирувчилар учун тажриба алмашиш методик маркази бўлади.

Кеча Нукус шаҳрининг «Ашшикўл» ҳудудида 50 минг аҳолига мўлжалланган “Янги Ўзбекистон” массиви – “Нукус сити” қурилиши бошланди.

270 гектарда илғор архитектура ечимлари ва энергия тежамкор технологиялар асосида осмонўпар бинолар, бизнес, савдо ва сервис марказлари, яшил хиёбонлар барпо этилади. Инвестиция лойиҳаларига хориждан салоҳиятли инвесторлар жалб қилинади.

Нукусдаги Мустақиллик кўчаси туну кун ишлайдиган масканга айланди. 28 нафар тадбиркор иш бошлаб, 50 нафарининг фаолияти кенгайгани ҳисобига бир ҳафтада савдо тушуми 2 карра ошди.

Нур ва Элобод маҳаллалари Олмазорнинг Қичқириқ маҳалласи намунасида обод қилинади. Наврўз байрамигача шу ердаги истироҳат боғида аҳолини жалб қиладиган замонавий маскан барпо этиш топширилди.

Кегейлида 3,5 километр зовурни ёпиб, 100 та сервис объекти қуриш бошланган. Бунинг ҳисобига 320 та иш ўрни яратилади.

Қолган вилоят ҳокимларига ҳам Наврўзгача ўзларига бириктирилган туманларда биттадан маҳалла ва марказий кўчада шундай лойиҳаларни амалга ошириш вазифаси қўйилди.

Обод қилинган кўча ва маҳаллаларга аҳолининг ўзи баҳо бериши, одамлар маъқул топса, ушбу кўчаларга уларни обод қилган вилоятлар номини бериш таклифи билдирилди.

Қорақалпоғистонда 1 миллион 100 минг ёшлар бор, шундан 505 минги 14-30 ёшда. Давлатимиз раҳбари бу катта куч эканини, ёшларга тўғри йўналиш бериш муҳимлигини таъкидлади.

Бир йилда 1 минг, келгуси икки йилда яна 5 минг ёшни ахборот технологиялари ва логистика соҳасида юқори даромадли иш билан таъминлаш вазифаси қўйилди.

Ҳудудда хорижий тил сертификатига эга 98 минг, ахборот технологиялари бўйича 127 минг, аниқ фанлар бўйича сертификат олган 5,5 минг ёш бор. Уларнинг 10 минги чет тили ва ахборот технологияларини мукаммал билади.

Кореядаги ватандошимизнинг олис ҳудудлардаги ёшларга ахборот технологияларини ўргатиб, уларни юқори даромадли қилиш ташаббуси қўллаб-қувватланди.

Йил якунигача шундай камида 10 нафар иқтидорли ватандошни Қорақалпоғистонга жалб этиб, лойиҳалар бошлаш топширилди.

Президентимиз Нукус шаҳридаги 1-сон техникумда йўлга қўйилган касбий таълим тажрибасини кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.

Техникумда “Пеарсон БТEС” халқаро таълим дастури жорий этилган бўлиб, битирувчиларга 70 та давлат тан оладиган касб сертификати берилади.

Тадбиркор Саловутдин Илёсов бу ерда 37 турдаги кичик асбоб-ускуна ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, ёшларга ускунасозликни ҳам ўргатмоқда. Ушбу ускуналарни олган 4 минг ишсиз даромад топишни бошлаган.

Янги йилдан Амударё, Беруний, Чимбой ва Қўнғиротдаги биттадан техникумда ҳам шу тажриба йўлга қўйилади.

1 октябрдан асбоб-ускуна учун бериладиган ссуда миқдори 20 миллион сўмдан 50 миллион сўмга оширилади.

«Уста-шогирд» анъанаси асосида касб ўрганиш харажатларини қоплаш бўйича ёш чегараси 30 ёшдан 40 ёшга кўтарилади.

Қорақалпоғистонда мактабгача таълим қамрови 84 фоизга етган. Бироқ Амударё, Бўзатов, Тахиатош, Тўрткўл, Чимбой, Хўжайли ва Элликқалъада бу кўрсаткич ҳали ҳам пастлиги қайд этилди.

Энди Қорақалпоғистонда хусусий боғча очадиган тадбиркорларга 15 йил муддатга, 5 йиллик имтиёзли давр билан 7 фоизли кредит берилади.

Қолган вилоятларда кредит ставкаси марказдан узоқ-яқинлигига қараб, 7 фоиздан 15 фоизгача бўлади.

Қорақалпоғистонда юқори технологик тиббий хизматларнинг кўлами ҳам кенгаймоқда.

Нукусдаги марказий шифохонада жигар ва буйрак трансплантацияси амалга оширилмоқда. Оролбўйи болалар шифохонасида 150 турдаги юқори технологик тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Шу йил бош мия, юрак ва пластик жарроҳлик каби мураккаб йўналишларда 1,5 мингта операция ўтказилди.

Ҳудудда тиббий суғурта механизми жорий этилди. Тиббиёт муассасаларига 10 миллион долларлик жиҳозлар олиб берилди.

Ўзбекистонда биринчи марта хусусий шериклик асосида ташкил қилинган Нукус тиббиёт илмий академияси соҳа ходимлари билимини баҳолаш ва малакасини оширишда методик марказ бўлади.

Тиббиёт академияси, Болалар клиникаси, Онкология маркази ҳамда янги ташкил этиладиган кўп тармоқли шифохонани яхлит тизимга бирлаштириб, Университет тиббий кластери ташкил қилинади.

Мўйноққа келиб ишлаётган шифокорларга тўланаётган 200 фоизгача ойлик устама 1 январдан Бўзатов ва Тахтакўпирда ҳам жорий этилади.

Йиғилишда кўча ва маҳалла бийлари, нуронийларнинг жамиятдаги юксак обрў-эътиборидан самарали фойдаланиш масаласига эътибор қаратилди.

Давлатимиз раҳбари асосий мақсад ҳар бир шаҳар ва овулда қулай турмуш шароитини яратиш эканини таъкидлади. Нуронийларнинг тажрибаси, ёшларнинг ғайрати ва аҳоли ташаббускорлигини бирлаштириш орқали ҳар бир маҳаллада обод ва фаровон муҳит яратиш мумкин.

Раҳбарлар маҳалла ва кўча бийлари билан ишини эрта тонгдан ҳудудларни айланиш, аҳоли билан мулоқотдан бошлаши зарурлиги қайд этилди.

Кўчалар, ариқ ва зовурларни тоза тутиш, дарахт ва гулларни кўпайтириш, ҳар бир инсонда ўз маҳалласи тақдирига дахлдорлик ҳиссини кучайтириш муҳим.

Ободонлаштириш бир марталик ҳашар ёки байрам олдидан ўтказиладиган тадбир бўлиб қолмаслиги, тозалик ва ободлик кундалик маданиятга айланиши зарурлиги қайд этилди.

Келаси йили қорақалпоқ халқининг буюк фарзанди, шоир ва мутафаккир Бердақ Қарғабай ўғли таваллудига 200 йил тўлади.

Президентимиз шоирнинг “Ҳамиша сен хизмат этгил халқ учун, ўзим дема ғамхўрлик қил халқ учун” деган ҳикматли сўзлари бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаганини таъкидлади.

Улуғ зиёлиларнинг илмий-ижодий меросини ўрганиш, рақамлаштириш, асраб-авайлаш ва халқимизга, айниқса, ёшларга етказиш муҳимлиги қайд этилди.

Келгуси йили Бердақ Қарғабай ўғли таваллудининг 200 йиллигини мамлакатимизда муносиб нишонлаш таклифи билдирилди.

Мутасаддиларга бир ойда кенг қамровли дастур ишлаб чиқиб, уни амалга оширишни бошлаш топширилди.

Ҳудуд ва тармоқлар раҳбарларининг ахборотлари тингланди, Қорақалпоғистон фаоллари билан мулоқот қилинди.

Йиғилиш якунида ички ишлар органлари тизимидаги кўп йиллик самарали меҳнати, Қорақалпоғистонни ҳар томонлама ривожлантириш, аҳоли фаровонлиги, хавфсизлиги ва осойишта ҳаётини таъминлаш, жамиятда меҳр-оқибат, аҳиллик ва тотувликни асраш ҳамда мустаҳкамлаш борасидаги катта хизматлари учун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаевга Президентимиз томонидан «генерал-майор» махсус унвони берилди.

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.