Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирининг биринчи ўринбосари Феруза Ҳамидова вазирлик мутасаддилари ва «ЎзТМК» АЖ раҳбарияти билан биргаликда Исроилнинг Ўзбекистондаги элчиси Гидеон Лустиг ҳамда ушбу мамлакат Молия вазирлигининг Осиё давлатлари бўйича минтақавий молиявий атташеcи Асаф Ширман билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги хабар берди.
Учрашувда меҳмонларга сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг тоғ-кон саноати ва геология соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, «Ер қаъри тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири, инвестиция муҳити ва инвесторлар учун яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, тадбиркорларга истиқболли майдонларни «E-Auksion» платформаси орқали шаффоф механизмлар асосида таклиф этиш, «ЎзТМК» фаолияти, гидрогеология, соҳани рақамлаштириш ва металлургия йўналишларидаги лойиҳалар ҳақида маълумот тақдим этилди.
Исроил томони ер ости сувлари ва критик металлар соҳаларида ҳамкорлик қилишдан манфаатдорлигини билдирди. Исроил гидрогеология соҳасида тажрибага эга экани қайд этилди. Шу муносабат билан ер ости сувларини ўрганиш ва улардан фойдаланиш масалалари бўйича Исроил томонининг тегишли таклифлари ва технологик ечимларини тақдим этиш имкониятини кўриб чиқиш таклиф қилинди.
Бундан ташқари, Исроил томони GEOMIN 2026 конференциясида иштирок этганини қайд этиб, ўтказилган тадбирнинг кўлами ва амалий аҳамиятини юқори баҳолади.