7
Ўзбекистон

Ўзбекистонда иш жойида шаҳвоний шилқимлик қилиш тақиқланди

Ўзбекистонда иш жойида шаҳвоний шилқимлик қилиш тақиқланди
Ўзбекистонда иш жойида шаҳвоний шилқимлик қилиш тақиқланди / Фото: Сурат сунъий интеллекти томонидан яратилган.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда меҳнат ва бандлик соҳасида шаҳвоний шилқимлик қилиш қонун билан тақиқланди. Шунингдек, иш берувчилар зиммасига бундай хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш чораларини кўриш мажбурияти юклатилди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг ҳуқуқий ахборот канали хабар берди.

Ўзгартишлар 2026 йил 13 ноябрдаги ЎРҚ-1189-сон қонун билан назарда тутилган бўлиб, унга мувофиқ бир қатор қонунчилик ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритилди.

Меҳнат кодексига киритилган қўшимчаларга мувофиқ, меҳнат ва бандлик соҳасида шаҳвоний шилқимлик қилишга йўл қўйилмайди.

Шаҳвоний шилқимлик деганда шахс учун номақбул бўлган, унинг шаъни ва қадр-қимматини камситадиган жинсий хусусиятга эга хатти-ҳаракатлар тушунилади.

Бундай хатти-ҳаракатлар қаторига шахснинг ташқи кўриниши ёки қомати ҳақидаги изоҳлар, имо-ишоралар, тегинишлар ва мурожаатлар киритилган.

Киритилган ўзгартишлар иш берувчилар зиммасига шаҳвоний шилқимликдан холи бўлган меҳнат муҳитини яратиш мажбуриятини ҳам юклайди. Бунинг учун иш берувчи барча зарур чораларни кўриши шарт.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.