Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда «Эл-юрт умиди» жамғармаси хорижда таълим олиш харажатларини стипендиатлардан ундириш бўйича айрим даъволар юзасидан давлат божини тўлашдан озод этилди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг ҳуқуқий ахборот канали хабар берди.
Ўзгартишлар 2026 йил 13 ноябрдаги ЎРҚ-1190-сон қонун билан назарда тутилган. Ҳужжат бир қатор қонунчилик ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритади.
Киритилган тузатишларга мувофиқ, шартнома шартларини бажармаган стипендиатлардан хорижда таълим олиш харажатларини ундириш бўйича фуқаролик судларига даъво аризаси билан мурожаат қилганда, «Эл-юрт умиди» жамғармаси давлат божини тўламайди.
Қонун, шунингдек, вазирлик ва идораларнинг буйруқ ҳамда қарор лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказишнинг энг кам муддатини белгилайди. Унга кўра, лойиҳа порталга жойлаштирилган кундан бошлаб муҳокама муддати камида 10 кунни ташкил этиши керак.
Бунда муҳокаманинг дастлабки беш куни давомида ҳеч қандай эътироз ёки таклиф келиб тушмаган ҳолатлар мустасно этиб белгиланган.
Бундай вазиятда вазирлик ва идоралар белгиланган тартибда лойиҳани ҳуқуқий экспертиза ва давлат рўйхатидан ўтказиш учун Адлия вазирлигига киритиши мумкин.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.