Иқтисод

Ўзбекистонда фармацевтика саноатини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди

Ўзбекистонда фармацевтика саноатини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди
Ўзбекистонда фармацевтика саноатини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди / Фото: Видеодан олинган кадр.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда фармацевтика саноатини ривожлантириш, ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш ва замонавий технологияларни жорий этиш истиқболлари муҳокама қилинди. Муҳокама Тиббиёт ва фармацевтика соҳаларини ривожлантириш агентлигида бўлиб ўтган «Pharma Uzbekistan & Central Asia» бешинчи халқаро конгресси доирасида ташкил этилди.

Тадбирда Марказий Осиё мамлакатлари ва бошқа давлатлардан фармацевтика ҳамда тиббиёт соҳаларининг 150 дан ортиқ вакили, жумладан, ишлаб чиқарувчилар, регуляторлар, халқаро ташкилотлар, экспертлар ва инвесторлар иштирок этди.

Конгресс давомида Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази директори Алишер Темиров маҳсулотларнинг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, халқаро стандартларни жорий этиш ҳамда замонавий ишлаб чиқариш қувватларини яратиш масалаларига алоҳида тўхталди.

Унинг сўзларига кўра, фармацевтика соҳаси фаол трансформация жараёнидан ўтмоқда. Бу жараённинг муҳим йўналишлари сифатида янги ишлаб чиқариш майдонларини ташкил этиш, амалдаги корхоналарни модернизация қилиш, замонавий технологиялар ва рақамли ечимларни жорий этиш қайд этилди.

Шу билан бирга, тадбирда таъкидланганидек, ҳар бир янги ишлаб чиқариш лойиҳасининг марказида инсон саломатлиги ва беморлар хавфсизлиги туриши керак. Дори воситаларининг сифати, хавфсизлиги ва самарадорлиги фармацевтика соҳасининг барқарор ривожланиши учун асосий шартлар сифатида қайд этилди.

Конгресс иштирокчилари Ўзбекистонда фармацевтика секторини ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш, инвестицияларни жалб қилиш ва инновацион технологияларни жорий этишга қаратилган ислоҳотлар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

Дори воситаларининг муомаласи соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш ва маҳсулотларни ишлаб чиқаришдан тортиб реализация қилишгача бўлган барча босқичларда назоратни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, фармаконадзор ва рўйхатдан ўтказилгандан кейинги назорат тизимларини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Конгресс якунида иштирокчилар фармацевтика саноатининг рақобатбардошлигини ошириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда минтақада дори воситаларини ишлаб чиқаришнинг замонавий ва хавфсиз тизимини шакллантиришда тажриба алмашиш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидладилар.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.