Ўзбекистон

Ўзбекистон ва Беларусь парламентлараро форумга тайёргарлик кўрмоқда

Ўзбекистон ва Беларусь парламентлараро форумга тайёргарлик кўрмоқда
Ўзбекистон ва Беларусь парламентлараро форумга тайёргарлик кўрмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Беларусь парламентлари вакиллари Беларусь делегациясининг Хивага ташрифи ҳамда икки томонлама тадбирлар мажмуасини ўтказишга тайёргарлик масалаларини муҳокама қилди.

Онлайн йиғилиш 23 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси А. Агзамхўжаев ҳамда Беларусь Миллий мажлиси Республика Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари И. Брилевич раислигида бўлиб ўтди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати хабар берди.

Иштирокчилар Беларусь Миллий мажлиси Республика Кенгаши раиси Наталья Кочанова бошчилигидаги делегациянинг 2026 йил 29–30 сентябрь кунлари Хивага ташрифи билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқди. Ўзбекистон-Беларусь парламентлараро форуми, бизнес-форум ва миллий маҳсулотлар кўргазмасини ўтказишга тайёргарликка алоҳида эътибор қаратилди.

Муҳокамада икки мамлакат парламентлари, вазирлик ва идоралари вакиллари, шунингдек, маҳаллий Кенгашлар депутатлари иштирок этди.

Ташриф доирасида парламентлар раҳбарларининг учрашуви, парламентлараро комиссиянинг учинчи йиғилиши, ёшлар парламентлари учрашуви ҳамда маҳаллий вакиллик органлари вакилларининг йиғилишини ўтказиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, саноат, туризм, қишлоқ хўжалиги ва гуманитар ҳамкорлик йўналишлари бўйича секция йиғилишлари, тўртинчи Ўзбекистон-Беларусь хотин-қизлар бизнес-форуми ҳамда тадбиркорлик субъектлари маҳсулотлари кўргазмаларини ўтказиш кўзда тутилган.

Йиғилиш иштирокчилари ҳар бир тадбирни мазмунли тайёрлаш ва аниқ натижаларга эришиш зарурлигини таъкидлади. Хусусан, янги лойиҳаларни шакллантириш ва икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Ташриф давомида имзоланиши режалаштирилаётган икки томонлама ҳужжатлар ва келишувлар пакетини тайёрлаш бўйича вазифалар ҳам алоҳида белгилаб олинди. Уларни тегишли йўналишлар бўйича келишиш ва амалий келишувлар билан тўлдириш назарда тутилди.

Шунингдек, иштирокчилар учун зарур шароитларни яратиш, тадбирлар дастури ва мавзуларини якуний шакллантириш, шунингдек, масъул вазирлик ва идоралар ишини мувофиқлаштиришни ўз ичига олган ташкилий-техник масалалар кўриб чиқилди.

Йиғилиш якунлари бўйича режалаштирилган тадбирларни ўз вақтида тайёрлаш ҳамда Беларусь делегациясининг Хивага ташрифи давомида амалий натижаларни таъминлаш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

\

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.