Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Эрон қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича келишиб олди. Бу ҳақда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси хабар берди.
Тошкентда Ўзбекистон — Эрон қишлоқ хўжалиги бизнес-форуми доирасида икки давлат ишчи гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раисининг ўринбосари Шерзод Иброҳимов иштирок этди.
Иштирокчилар аграр соҳадаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, мавжуд алоқаларни тизимли равишда ривожлантириш ҳамда ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаш масалаларини муҳокама қилди.
Узоқ муддатли ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш, ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш ва икки мамлакат бизнес вакиллари ўртасидаги алоқаларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Йиғилиш якунлари бўйича Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Эрон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ишчи гуруҳ йиғилиши баённомасини имзолади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда Эрон Савдо, саноат, қишлоқ хўжалиги ва тоғ-кон саноати палатаси қишлоқ хўжалигини ривожлантириш масалалари бўйича ўзаро англашув меморандумини имзолади.