Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов 19 октябрь куни Самарқанд шаҳрида Zeppelin Group бош ижрочи директори Маттиас Бенц билан учрашди.
Томонлар компания маҳсулотларини Ўзбекистонга етказиб бериш ва маҳаллий тадбиркорлар билан ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Zeppelin Group қурилиш саноати, юритма тизимлари ва энергетика соҳаларида фаолият юритувчи ускуналар ҳамда сервис хизматларининг халқаро етказиб берувчиси ҳисобланади.
Гуруҳ таркибига Zeppelin Cat, Zeppelin Rental ва Zeppelin Power Systems брендлари, шунингдек, саноат қурилмаларини лойиҳалаш ва қуришга ихтисослашган Zeppelin Systems бўлинмаси киради.
Компания консалтинг, муҳандислик ишланмалари ва сотувдан тортиб, ускуналарни ижарага бериш, комплекс лойиҳаларни амалга ошириш, техник хизмат кўрсатиш, таъмирлаш ва рақамли ечимларни тақдим этишгача бўлган кенг кўламли хизматларни кўрсатади.
Zeppelin Group дунёнинг 29 та мамлакатида 12 мингдан ортиқ ходимни иш билан таъминлайди. 2025 молиявий йил якунларига кўра, гуруҳнинг тушуми 4,4 миллиард еврони ташкил этди.
Гуруҳнинг холдинг компанияси Фридрихсхафен шаҳрида рўйхатдан ўтган Zeppelin GmbH ҳисобланади.
Zeppelin Group бош қароргоҳи Мюнхен яқинидаги Гарчинг шаҳрида жойлашган. Гуруҳ Zeppelin фондига тегишли.