7
Иқтисод

«Ўзбекнефтгаз» нефть базалари илк бор соф фойдага чиқди

«Ўзбекнефтгаз» нефть базалари илк бор соф фойдага чиқди
«Ўзбекнефтгаз» нефть базалари илк бор соф фойдага чиқди / Фото: «Ўзбекнефтегаз» АЖ.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти таркибига кирувчи нефть базалари тўққиз ой якунларига кўра, тизим тарихида биринчи марта соф фойда билан ишлади. Молиявий натижа 25,2 млрд сўмни ташкил этди. Ўтган йилнинг шу даврида эса 108,3 млрд сўм зарар қайд этилган эди. Йил бошида фойда билан ишлаётган нефть базалари сони учтани ташкил этган бўлса, ҳозирда уларнинг сони 13 тага етди. Бу ҳақда «Ўзбекнефтгаз» ахборот хизмати хабар берди.

Ижобий динамика компания бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов раҳбарлигида нефть базалари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар фонида қайд этилди. Тўққиз ойлик натижалар ва келгуси вазифалар А. Худойберганов раҳбарлигида «Кучлик нефть базаси» МЧЖда ўтказилган амалий семинарда муҳокама қилинди.

Ҳисобот даврида нефть базалари орқали 191 минг тонна нефть маҳсулотлари сотилди. Бу ўтган йилнинг тўққиз ойидаги кўрсаткичдан 1,7 баравар кўп. Автомобильларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида кунлик ёқилғи сотиш ҳажми йил бошидаги 245 минг литрдан 1,237 млн литргача ошди.

Шу билан бирга, тармоқ инфратузилмасини янгилаш ишлари ҳам олиб борилди. 121 та ёқилғи қуйиш шохобчаси замонавий АЁҚШга айлантирилди, яна 56 та шохобчада 87 та янги ёқилғи тарқатиш қурилмаси ўрнатилди.

Қарздорлик ҳам сезиларли даражада қисқарди. Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи олдидаги мажбуриятлар 296,7 млрд сўмга, истеъмолчиларнинг дебиторлик қарзи эса 56,8 млрд сўмга камайди.

Ўзгаришларнинг алоҳида йўналишларидан бири ҳисоб-китоб ва сотув назоратини рақамлаштириш бўлди. 60 та автомобильларга ёқилғи қуйиш шохобчасига видеокузатув тизимлари ўрнатилди. Уларнинг ўнтаси компания марказий аппаратидаги вазиятлар марказига уланди. Қолган объектларда ишлар давом эттирилмоқда.

Компанияда нефть маҳсулотлари ҳаракати ва сотувини марказлашган тарзда назорат қилиш операциялар шаффофлигини ошириш, молиявий интизомни мустаҳкамлаш ва коррупция хавфларини камайтиришга ёрдам беради, деб ҳисобланмоқда.

Келгусидаги устувор вазифалар қаторига кунлик сотув ҳажмини ошириш, тасдиқланган дизайн асосида АЁҚШларни босқичма-босқич реконструкция қилиш ҳамда нефть базалари ва ёқилғи қуйиш шохобчаларини тўлиқ рақамлаштириш киради.

Тўлиқ рақамлаштириш доирасида электрон темир йўл тарозилари, нефть маҳсулотларининг сатҳи ва зичлигини ўлчаш ускуналари, замонавий ёқилғи тарқатиш қурилмалари ва интеллектуал кузатув камераларини ўрнатиш, шунингдек, тизимларни 1С дастури билан интеграция қилиш назарда тутилган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.