Ўзбекистон ва JICА Орол денгизи минтақасида тупроқ шўрланишига қарши курашиш лойиҳаси натижаларини муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва JICА Орол денгизи минтақасида тупроқ шўрланишига қарши курашиш лойиҳаси натижаларини муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қишлоқ хўжалиги вазирлигида Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги — JICА вакиллари иштирокида Япония ҳукуматининг Барқарор ривожланиш учун илм-фан ва технология тадқиқот ҳамкорлиги (SATREPS) грант дастури доирасида Оролбўйи минтақасида амалга оширилаётган лойиҳа натижалари ҳамда келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Мазкур лойиҳа 2022–2027 йилларга мўлжалланган бўлиб, Оролбўйи ҳудудида тупроқ шўрланишига қарши курашиш, ер унумдорлиги ва озиқ-овқат хавфсизлигини ошириш, шунингдек, сув ресурсларидан фойдаланишни мониторинг ва назорат қилишнинг янги технологияларини ишлаб чиқишга қаратилган.
Тадбирда онлайн иштирок этган япон олимлари томонидан лойиҳанинг дастлабки натижалари тақдим этилди. Таъкидланишича, Оролбўйи минтақасида замонавий метеорологик кузатув марказлари ташкил этилиб, ер унумдорлигини ошириш, сувдан самарали фойдаланиш ҳамда регенератив қишлоқ хўжалиги бўйича тавсиялар ишлаб чиқилмоқда.
Илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш мақсадида Япониядан тупроқ таркибидаги туз миқдорини аниқлаш, тупроқдаги туз ва сув тақсимотини ўрганиш, сув сифатини назорат қилиш, географик ахборот тизимлари — GIS маълумотларини таҳлил қилиш учун мўлжалланган замонавий ускуналар ҳамда учувчисиз учиш аппаратлари — дронлар олиб келинди.
Учрашув давомида лойиҳа якуний босқичида олинган илмий маълумотлар асосида Қорақалпоғистон Республикаси ва Қашқадарё вилояти учун иқлим ўзгариши шароитида қишлоқ хўжалиги ҳамда озуқа экинларини етиштириш бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқишга келишилди.
Шунингдек, лойиҳа доирасида олинган илмий хулосаларни кенг амалиётга татбиқ этиш, инновацион ёндашувларни ҳудудларда кенгайтириш ҳамда истиқболли ҳамкорлик масалалари юзасидан ўзаро фикр алмашилди.