Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Фарғона вилояти Афғонистон бизнеслари билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда

UzDaily таҳририяти · 07.08.2026 · 11:20 · 18 views
Фарғона вилояти Афғонистон бизнеслари билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Фарғона вилояти Афғонистон бизнеслари билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда / Фото: Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Афғонистоннинг "Emerald Diamond Trading" МЧЖ директори Абдул Ҳамиди Анюри, "Kam Air" компанияси директори Атилла Азими, "Tojmahal Petroleum" компанияси директори Абдул Латиф Наврузи ҳамда уларнинг Фарғонадаги ҳамкорларини қабул қилди.

Маълумки, жорий йилнинг 26–27 июль кунлари вилоят ҳокими бошчилигидаги тадбиркорлардан иборат вилоят делегацияси савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш, ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида Афғонистонда бўлиб, қатор расмий учрашувлар ва бизнес мулоқотларини ўтказиб, турли йўналишларда самарали келишувларга эришилган эди. Қобул ва Мозори шариф шаҳрида Фарғона вилояти савдо уйи очилганди.

Бугунги учрашув ана шу ташриф давомида эришилган келишувларнинг мантиқий давоми бўлиб, унда икки томонлама ҳамкорликни амалий босқичга олиб чиқиш, янги инвестиция лойиҳаларини шакллантириш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги муносабатлар кейинги йилларда мутлақо янги босқичга кўтарилгани, ўзаро ишонч ва манфаатли иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Афғонистонлик тадбиркорлар Фарғона вилоятининг саноат ва тадбиркорлик салоҳиятини юқори баҳолаб, савдо, қишлоқ хўжалиги, авиация, энергетика ва логистика соҳаларида ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдор эканликларини таъкидладилар. Ушбу йўналишларда янги ташаббуслар илгари сурилди.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Фарғона вилояти Ўзбекистон–Афғонистон иқтисодий ҳамкорлигини кенгайтиришда фаол иштирок этишга тайёрлигини маълум қилиб, ҳар бир йўналиш бўйича ҳамкорликда ишлаш учун барча имкониятлар ишга солинишига ишонч билдирди.
 
Учрашув якунида қўшма инвестиция лойиҳаларини жадал амалга ошириш ҳамда икки томонлама савдо айланмасини ошириш, ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга келишиб олинди.