Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Ўзбекистон ва Ҳиндистон фармацевтика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиради

UzDaily таҳририяти · 04.08.2026 · 17:55 · 31 views
Ўзбекистон ва Ҳиндистон фармацевтика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиради
Ўзбекистон ва Ҳиндистон фармацевтика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиради / Фото: Тиббиёт ва фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов Ҳиндистон Республикасига амалга оширилаётган хизмат сафари доирасида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов бошчилигидаги делегация таркибида Ҳиндистон Республикасидаги Ўзбекистон Элчихонасида ташкил этилган давра суҳбатида иштирок этди.

Тадбир Ҳиндистон саноат конфедерацияси (CII) ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда CII International Council раиси доктор Викрамжит Сингҳ Саҳней, шунингдек, фармацевтика, кимё саноати, банк-молия ва бошқа стратегик тармоқларда фаолият юритувчи йирик ҳинд компаниялари раҳбарлари ва вакиллари иштирок этди.

Давра суҳбатида Ўзбекистоннинг инвестициявий салоҳияти, тиббиёт ва фармацевтика тармоқларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, юқори қўшилган қийматга эга ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, технологиялар трансфери ҳамда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Шунингдек, ҳиндистонлик тадбиркорлар Ўзбекистонда инвестиция фаолиятини кенгайтириш, қўшма корхоналар ташкил этиш ва икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича ўз таклиф ва ташаббусларини билдирдилар.