Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Корея Республикаси фуқаро авиацияси учун мутахассислар тайёрлаш соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда. Ҳозирда 150 нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқароси Korea Aerospace University (KAU)да саккиз йўналиш бўйича таҳсил олмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги хабар берди.
KAU билан ҳамкорлик халқаро талабларни инобатга олган ҳолда учувчилар, авиация менежерлари, ҳаво транспорти логистикаси мутахассислари ва бошқа кадрларни тайёрлаш, шунингдек, авиация таълими ва учиш тайёргарлиги соҳасида Корея тажрибасини ўзлаштиришга қаратилган.
Айни вақтда Ўзбекистон фуқаролари KAUда бакалавриат ва магистратура дастурлари доирасида «Учиш эксплуатацияси», «Ҳаво ҳаракатини бошқариш», «Авиация менежменти», «Ҳаво транспорти логистикаси», «Сервис менежменти», «Авиация бизнеси», «IT-технологиялар ва киберхавфсизлик» йўналишлари, шунингдек, борт кузатувчиларини тайёрлашга мўлжалланган «Cabin crew» дастури бўйича таълим олмоқда.
Жанубий Кореяга ташриф давомида Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Корея Аэрокосмик университети президенти Хо Хи Ён билан учрашди. Томонлар қўшма таълим дастурларини амалга ошириш ва талабалар қабул квотасини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
Учрашувда Ўзбекистонда ташкил этилаётган Учувчилар мактаби фаолиятида KAUнинг иштирок этишига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, учиш инструкторлари ва ўқув-машғулот ҳаво кемаларини жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.
Илҳом Маҳкамов KAUда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар билан ҳам учрашиб, уларнинг таълим шароитлари, ўзлаштириш натижалари ва келгуси режалари билан танишди.
Учрашувда таҳсилни тугатгандан сўнг битирувчиларни иш билан таъминлаш истиқболлари, жумладан, Ўзбекистондаги иш ўринлари муҳокама қилинди. Гап Янги Тошкент ва Урганч аэропортларида, миллий авиакомпанияларда ишлаш, шунингдек, ташкил этилаётган Учувчилар мактабида учиш амалиётини ўташ имкониятлари ҳақида борди.
Транспорт вазирлиги таъкидлашича, замонавий авиацияни ривожлантириш ҳаво кемалари паркини янгилаш, аэропорт инфратузилмасини модернизация қилиш ва авиақатновлар тармоғини кенгайтириш билан бир қаторда, халқаро стандартларга жавоб берадиган малакали инсон капиталини шакллантиришни ҳам талаб этади.