Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бирлашган Араб Амирликларида Ўзбекистон Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аккуловнинг Баҳрайн туризм вазири Фотима Ал-Сайрафи билан учрашуви бўлиб ўтди. Томонлар туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, ўзаро сайёҳлар оқимини ошириш ва соҳа вакиллари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.
Учрашув иштирокчилари ўзаро сайёҳлар оқимини оширишга қаратилган маркетинг тадқиқотлари, статистик маълумотлар ва асосий тенденциялар бўйича мунтазам ахборот алмашинувини йўлга қўйишга келишиб олди.
Тошкент ва Манама шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновни йўлга қўйиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар, шунингдек, туризм соҳаси ва оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ўзаро ахборот ва пресс-турларни ташкил этишни давом эттиришга келишиб олди.
Баҳрайн томони 25–27 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган «Ипак йўлида туризм» Тошкент халқаро туризм ярмаркасида иштирок этишга таклиф қилинди.
Бундан ташқари, томонлар 2027 йилни Барқарор ва ҳаётчан туризм халқаро йили деб эълон қилишга бағишланган тадбирларда иштирок этиш масалаларини муҳокама қилди.