Ўзбекистон металлургия комбинатининг Қуюв-прокатлаш мажмуаси ишга туширилди
Ўзбекистон металлургия комбинатининг Қуюв-прокатлаш мажмуаси ишга туширилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев Бекобод шаҳрига ташрифи чоғида Ўзбекистон металлургия комбинатида барпо этилган янги Қуюв-прокатлаш мажмуасини ишга тушириш маросимида иштирок этди.
Давлатимиз раҳбари комбинат жамоаси, меҳнат фахрийлари ва хорижий ҳамкорларни ушбу муҳим воқеа билан табриклади.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда кон-металлургия соҳасини янги технологик босқичга олиб чиқиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ўтган ўн йилда соҳага қарийб 2 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиниб, 31 та йирик ишлаб чиқариш қуввати ишга туширилди. Хусусий секторга кенг йўл очилгани натижасида тармоқда фаолият юритаётган корхоналарнинг сони 150 тадан ошди.
Шу даврда маҳаллий металл маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг йиллик ҳажми 3 миллион тоннага, қиймати эса 23 триллион сўмга етди. Таққослаш учун 2016 йилда 1,5 триллион сўмлик 800 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарилган.
Илгари асосан қурилиш соҳаси учун металл прокат етказиб берган тармоқ бугунги кунда машинасозлик, электротехника, мудофаа саноати ва энергетика каби тез ривожланаётган йўналишлар учун 80 турдаги янги маҳсулот ишлаб чиқармоқда.
Президентимиз металлурглар меҳнати Янги Ўзбекистоннинг замонавий қиёфасини яратиш, йирик бунёдкорлик ишларини амалга ошириш ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантиришда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
Мамлакатимиз иқтисодиётини технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш, ялпи ички маҳсулот ҳажмини 2030 йилга бориб, 240 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган.
Келгуси беш йилда иқтисодиётга 180 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиш, 27 миллиард долларлик ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси лойиҳаларини амалга ошириш, 800 минг хонадонли кўп қаватли уй-жойлар барпо этиш режалаштирилган.
Бундай улкан марралар металл маҳсулотларига бўлган талабни ҳозиргига нисбатан 1,5 баробар оширади.
Шу маънода, 5,5 минг нафардан зиёд аҳил ва фидойи меҳнат жамоасига эга Ўзбекистон металлургия комбинатининг алоҳида ўрни борлиги қайд этилди.
Янги Қуюв-прокатлаш мажмуаси комбинатда энергия тежамкор технологиялар ва рақамли ечимларни жорий қилиш, меҳнат унумдорлиги ва маҳсулот сифатини оширишда янги даврни бошлаб беради.
Мазкур мажмуа мамлакатимизда иссиқ прокатланган пўлат листлар ишлаб чиқариш бўйича биринчи лойиҳа сифатида тарихдан жой олади.
Унинг ишга туширилиши натижасида йилига 8 триллион сўмлик 1 миллион тонна иссиқ прокатланган пўлат лист ишлаб чиқарилади. Тошкент ва Самарқанд металлургия заводларининг прокат листларга бўлган эҳтиёжи тўлиқ қопланади. Шунингдек, 1 минг 200 та юқори даромадли иш ўрни яратилади.
Давлатимиз раҳбари мажмуани барпо этишда иштирок этган қурувчи ва муҳандислар, технолог ва машинистлар, ишчи-ходимлар, меҳнат фахрийлари ҳамда хорижий ҳамкорларга миннатдорлик билдирди.
Тантанали маросимда Ўзбекистон металлургия комбинатини янада ривожлантириш бўйича келгуси режалар ҳам белгилаб берилди.
Комбинатнинг хомашёга бўлган талабини маҳаллий ресурслар ҳисобидан таъминлаш энг устувор вазифа бўлиши таъкидланди. Мамлакатимиз ҳудудларида 1,5 миллиард тонна темир рудаси захираси мавжуд.
Яқин уч-тўрт йилда “Тебинбулоқ” конини ишга тушириш орқали йилига 1 миллион тонна пўлат ишлаб чиқариш режалаштирилган.
“Сурун-ота” конидаги маъданларни бойитиш натижасида эса йилига 600 минг тонна темир хомашёси олиш йўлга қўйилади. Ушбу хомашёни қайта ишлаш учун комбинатда қиймати 180 миллион долларлик замонавий металлургия заводи қурилиши бошланади.
Келгуси уч йилда 30 миллион доллар инвестиция ҳисобига пўлат шарлар ишлаб чиқариш линиялари босқичма-босқич модернизация қилиниб, уларнинг қуввати 250 минг тоннадан 500 минг тоннагача оширилади.
Шунингдек, комбинат ҳудудида “Ўзбекистон экологик технологиялар саноат парки” ташкил этилади.
Жорий йилнинг ўзида мазкур саноат паркида катта диаметрли қувурлар, кўтарма кранлар ва фильтрлаш ускуналарини ишлаб чиқариш бўйича умумий қиймати 70 миллион доллар бўлган 6 та лойиҳа бошланади. Уларнинг амалга оширилиши натижасида яна 660 та юқори даромадли иш ўрни яратилади.
Президентимиз металлургия оғир, аммо шарафли соҳа эканини таъкидлаб, комбинат ишчи-ходимларининг машаққатли ва фидойи меҳнати юксак ҳурмат ҳамда таҳсинга сазоворлигини қайд этди.
Салкам бир асрлик тарихга эга комбинатда устоз-шогирд анъанаси асосида фаолият юритаётган мутахассисларнинг билими, тажрибаси ва касбий салоҳияти кўплаб меҳнат жамоалари учун чинакам намуна экани таъкидланди.
Шундан сўнг давлатимиз раҳбари рамзий тугмани босиб, Қуюв-прокатлаш мажмуаси фаолиятига старт берди.
Соҳа фахрийлари, комбинат ходимлари ҳамда хорижий ҳамкорлар билан мулоқот қилинди.