Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон делегацияси Германияга амалга оширган ишчи ташрифи давомида давлат активларини бошқариш, давлат корхоналари самарадорлигини ошириш, корпоратив бошқарувни ривожлантириш ва давлат ер ресурсларини тасарруф этиш бўйича Германия тажрибасини ўрганмоқда.
Ташриф миллий давлат мулкини бошқариш тизимини такомиллаштиришда қўллаш мумкин бўлган амалий механизмларни ўрганишга қаратилган.
Ташрифнинг биринчи кунидаги асосий тадбирлардан бири Германия Федерал молия вазирлигига бориш бўлди. Доктор Кристина Класс ва GIZ лойиҳаси директори доктор Бертольд Фольберг билан учрашувда Ўзбекистон вакиллари давлат активларини бошқаришнинг институционал тизими ҳамда давлатнинг мулкдор сифатидаги вазифаларини амалга ошириш механизмлари билан танишди.
Кузатув кенгашлари фаолияти, улар аъзоларининг ваколатлари ва масъулиятини тақсимлаш, шунингдек, давлатнинг мулкдор сифатидаги функциялари билан корхоналарни оператив бошқариш вазифаларини бир-биридан ажратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчилар Германия корпоратив бошқарув кодекси (DCGK) тамойиллари ва уларни Ўзбекистон давлат секторини ислоҳ қилиш жараёнида қўллаш имкониятларини ҳам кўриб чиқди.
Дастур доирасида делегация Германия Федерал кўчмас мулкни бошқариш агентлиги (BImA) вакиллари билан учрашиб, унинг ташкилий модели ҳамда давлат кўчмас мулкини самарали тасарруф этишга оид ёндашувларини ўрганди.
Ўзбекистон Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Соҳибжон Муродов Германия Федерал транспорт вазирлигининг давлат улушлари ва акциядорлик иштирокини бошқариш бўлими раҳбари доктор Андреас Керст билан ҳам алоҳида музокаралар ўтказди.
Германия томони Deutsche Bahn AG ва DB InfraGO AG каби етакчи транспорт компанияларида давлат иштирокини бошқариш тажрибасини, шунингдек, автомобиль, сув ва темир йўл транспорти, аэропорт ҳамда йўл инфратузилмаси соҳаларидаги корхоналар фаолиятини тақдим этди.
Томонлар транспорт соҳасидаги давлат компанияларини трансформация қилиш, корпоратив бошқарувни такомиллаштириш, молиявий ва операцион самарадорликни ошириш масалаларини муҳокама қилди. Пуллик автомобиль йўлларини бошқариш, жумладан, уларнинг фаолиятини ташкил этиш, молиялаштириш ва эксплуатация қилиш моделлари ҳам алоҳида муҳокама мавзуси бўлди.
Музокаралар якунлари бўйича яқин вақт ичида ҳамкорлик тўғрисидаги битимни тайёрлаш ва имзолашга келишиб олинди.
Ушбу битим ҳамкорликнинг асосий йўналишларини, жумладан, транспорт соҳасидаги давлат корхоналарини ислоҳ қилиш, корпоратив бошқарувни ривожлантириш ва мутахассислар малакасини ошириш масалаларини қамраб олади.
Ташрифнинг яна бир йўналиши Германиянинг давлат қишлоқ хўжалиги ва ўрмон ерларини бошқариш тажрибасини ўрганишдан иборат бўлди. Ўзбекистон делегацияси ушбу ер активларини бошқариш, ижарага бериш ва хусусийлаштиришга ихтисослашган BVVG (Bodenverwertungs- und -verwaltungs GmbH) давлат компаниясига ташриф буюрди.
Учрашув давомида BVVGнинг ташкилий тузилмаси, унинг BImA ва бошқа давлат муассасалари билан ҳамкорлиги, шунингдек, ерларни хатловдан ўтказиш, уларнинг иқтисодий салоҳиятини баҳолаш, ижарага бериш ва очиқ савдоларни ташкил этиш усуллари кўриб чиқилди.
Германия моделида хусусийлаштириш мустақил мақсад сифатида эмас, балки ер ресурсларини самарали бошқариш воситаларидан бири сифатида қаралади. Бунда ерлардан оқилона фойдаланиш, тадбиркорликни ривожлантириш ва давлат активларидан узоқ муддатли иқтисодий самара олиш устувор вазифалар ҳисобланади.
Ўзбекистон томони ер ресурсларини бошқаришда рақамли воситалар, хусусан, VESTA тизимига ҳам қизиқиш билдирди. Учрашув иштирокчилари унинг имкониятлари ва BVVG фаолиятида қўлланилиш амалиёти билан танишди.
Ўзбекистон делегациясининг Германияга ташрифи 5 ноябрга қадар давом этади.
Сафар давомида Германиянинг давлат кўчмас мулки ва ер ресурсларини бошқариш, шунингдек, хусусийлаштириш жараёнларини ташкил этиш ва ўтказиш тажрибасини ўрганиш ҳам режалаштирилган.
Олинган билим ва тажрибани Ўзбекистонда давлат активларини бошқариш тизимини янада такомиллаштиришда қўллаш кўзда тутилган.