Ўзбекистон

Ўзбекистон 2027 йилда МДҲнинг ўсимликлар карантини бўйича кенгашига раислик қилади

Ўзбекистон 2027 йилда МДҲнинг ўсимликлар карантини бўйича кенгашига раислик қилади
Ўзбекистон 2027 йилда МДҲнинг ўсимликлар карантини бўйича кенгашига раислик қилади / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон 2027 йилда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг (МДҲ) Ўсимликлар карантини бўйича мувофиқлаштирувчи кенгашига раислик қилади.

Республика Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси раиси Азизбек Урунов кенгаш раиси этиб тайинланди. Бу ҳақда Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси хабар берди.

Тегишли қарор Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг XV йиғилишида қабул қилинди. Унда иштирокчилар МДҲ мамлакатларидаги фитосанитария ҳолати, ўсимликлар карантини соҳасидаги долзарб муаммолар ва ҳамкорликни янада ривожлантириш йўналишларини муҳокама қилди.

Йиғилиш кун тартибидан Ҳамдўстлик мамлакатларида 2025 йилдаги фитосанитария вазияти ва янги таҳдидлар аниқланганида ўзаро ҳамкорлик қилиш масалалари ўрин олди. Шунингдек, МДҲнинг 2026–2030 йилларга мўлжалланган Иқтисодий ривожланиш стратегиясининг иккинчи босқичини амалга ошириш жараёни кўриб чиқилди.

Илмий-тадқиқот институтлари ўртасидаги ҳамкорлик ва қўшма илмий лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Иштирокчилар, шунингдек, Европа ва Ўрта ер денгизи ўсимликлар карантини ва ҳимояси ташкилотининг фаолиятини муҳокама қилди.

Бошқа мавзулар қаторида зараркунандаларнинг тартибга солинадиган газли муҳитларга сезувчанлигини баҳолаш моделларидан фитосанитария талабларини мувофиқлаштиришда фойдаланиш ҳамда ўсимликлар карантини инспекторлари учун қўшма масофавий таълимни ташкил этиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Ўзбекистон раислиги даврида минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, ўсимликлар карантини соҳасида илмий ва амалий ташаббусларни илгари суришга эътибор қаратишни режалаштирмоқда.

Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг навбатдаги йиғилишини 2027 йилнинг иккинчи ярмида Ўзбекистонда ўтказиш режалаштирилган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.