Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда тоғ-кон металлургия комплекси эҳтиёжлари учун ишлаб чиқаришни мамлакат ичида йўлга қўйиш мумкин бўлган 25 дан ортиқ маҳсулот тоифаси аниқланди. Бу ҳақда Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги хабар берди.
Агентлик директори Бахтиёр Ҳайдаров халқаро консалтинг компанияси McKinsey & Company вакиллари билан учрашди. Учрашувда тоғ-кон металлургия соҳасида маҳаллийлаштиришни кенгайтириш ва саноат кооперациясини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш лойиҳасининг дастлабки натижалари тақдим этилди.
Лойиҳа доирасида мутахассислар Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатлари, Ўзбекистон металлургия комбинати, Қийин эрийдиган ва ўтга чидамли металлар комбинати, «Ўзбеккўмир» компанияси ҳамда «Навоийуран» корхонаси иштирокида жойларда семинарлар ўтказди.
Шунингдек, корхоналарнинг ишлаб чиқариш қувватлари ўрганилди ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан учрашувлар ташкил этилди.
Тоғ-кон металлургия корхоналарининг харидлари таҳлили натижасида Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имконияти мавжуд бўлган 25 дан ортиқ маҳсулот тоифаси аниқланди.
Музокараларда томонлар истиқболли маҳсулот турлари бўйича ишчи гуруҳлар тузиш, маҳаллий маҳсулотларга бўлган талабни рағбатлантириш ва етказиб берувчиларни ривожлантириш механизмларини муҳокама қилди. Хорижий мамлакатларнинг маҳаллийлаштириш ва саноат кооперацияси соҳасидаги тажрибасини ўрганишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Лойиҳа устидаги ишлар Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги билан ҳамкорликда давом эттирилади.