Шошилинч
Иқтисод

Туркия компаниялари Фарғонада логистика марказларини ташкил этади

Туркия компаниялари Фарғонада логистика марказларини ташкил этади
Туркия компаниялари Фарғонада логистика марказларини ташкил этади / Фото: Фарғона вилоят маъмурияти матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Туркия компаниялари Фарғона вилоятининг Учкўприк ва Бешариқ туманларида логистика инфратузилмасини ривожлантириш бўйича лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ушбу ташаббусларни ENF Lojistik İç ve Dış Ticaret A.Ş. ижрочи директори Юксел Абдуллаҳ, Asal Grup Lojistik раҳбари Сезен Чалышкан ҳамда уларнинг Фарғона вилоятидаги ҳамкорлари билан муҳокама қилди.

Учрашув Тошкентда бўлиб ўтаётган Туркия-Ўзбекистон бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича Олий даражадаги кенгашнинг биринчи йиғилиши доирасида ташкил этилди.

Туркиялик инвесторлар логистика марказлари, мева-сабзавот маҳсулотларини сақлашга мўлжалланган замонавий омбор мажмуалари ва меҳмонхона ташкил этиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилаётганини маълум қилди. Бошқа йўналишлардаги ташаббуслар ҳам кўриб чиқилмоқда.

Лойиҳалар устида маҳаллий ҳамкорлар билан биргаликда иш олиб борилмоқда. Туркия компаниялари вакиллари уларни амалга оширишни бошлаш ниятида эканини билдирди.

Хайрулло Бозоров мазкур ташаббусларнинг ҳудуд иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаш, янги иш ўринлари яратиш ва логистика инфратузилмасини ривожлантиришдаги аҳамиятини таъкидлади. У инвесторларни вилоят ҳокимлиги томонидан ташкилий ва амалий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга ишонтирди.

Учрашув якунида Фарғона вилояти ҳокимлиги ва ENF Lojistik İç ve Dış Ticaret A.Ş. ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

ENF Lojistik İç ve Dış Ticaret A.Ş. компанияси Истанбул шаҳрида жойлашган бўлиб, автомобиль транспортида юк ташиш, ички ва халқаро логистика, омборларда ҳамда божхона омборларида сақлаш, юкларни тақсимлаш ва етказиб бериш хизматларига ихтисослашган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.