Ўзбекистон

Ўзбекистон Туркияда тиббиётни рақамлаштириш тажрибасини тақдим этди

Ўзбекистон Туркияда тиббиётни рақамлаштириш тажрибасини тақдим этди
Ўзбекистон Туркияда тиббиётни рақамлаштириш тажрибасини тақдим этди / Фото: Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Туркияда соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш ва тиббиётда сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича ўз тажрибасини тақдим этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Анталия шаҳрида бўлиб ўтаётган HIMSS + Eurasia HealthTech 2026 халқаро конференциясида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Жалолиддин Асомутдинов маъруза қилди. Тадбирда турли мамлакатларнинг давлат органлари, халқаро ташкилотлар, тиббиёт муассасалари ва технологик компаниялари вакиллари иштирок этмоқда.

Асомутдинов Ўзбекистонда ягона рақамли соғлиқни сақлаш тизимини шакллантириш ва тиббиёт муассасалари ўртасида ахборот алмашинувини йўлга қўйиш ҳақида сўзлаб берди. Шунингдек, касалликларни ташхислаш жараёнига сунъий интеллектни жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан таништирди.

Вазирлик томонидан UZINFOCOM билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган DMED платформасига алоҳида эътибор қаратилди.

Ушбу тизим шифокор қабулига ёзилиш, таҳлил натижаларини электрон тиббий картада сақлаш, электрон рецептлар ва йўлланмалар расмийлаштириш имконини беради.

Конференция доирасида «ақлли» шифохоналарни ривожлантириш, тиббий маълумотларни хавфсиз алмашиш, радиология ва лаборатория диагностикасида сунъий интеллектдан фойдаланиш масалалари ҳам муҳокама қилинмоқда. Тиббий маълумотларни бошқаришга бағишланган алоҳида панель муҳокамаси дастурига Ўзбекистон тажрибаси ҳам киритилган.

Конференциянинг иккинчи кунида Асомутдинов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Туркия соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, конгресс раиси Шуайип Биринчи билан учрашди.

Томонлар 2027 йилда Ўзбекистонда рақамли соғлиқни сақлашга бағишланган халқаро тадбир ўтказиш бўйича дастлабки келишувга эришди. Шунингдек, ҳамкорлик бўйича қўшма «йўл харитаси»ни тайёрлаш масаласи муҳокама қилинди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.