7
Ўзбекистон

Ҳисор қўриқхонасида қор қоплони фототузоққа тушди

Ҳисор қўриқхонасида қор қоплони фототузоққа тушди
Ҳисор қўриқхонасида қор қоплони фототузоққа тушди / Фото: Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қашқадарё вилоятидаги Ҳисор давлат қўриқхонасида қор қоплони фототузоқ объективига муҳрланди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси хабар берди.

Қўриқхона қўмита ҳузуридаги муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар департаменти тасарруфида. Мутахассислар баҳосига кўра, унинг ҳудудида 80 га яқин қор қоплони яшайди.

Ушбу йиртқич Ўзбекистон Қизил китоби ва Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқининг Қизил рўйхатига киритилган. Шунингдек, у CITES ва Биологик хилма-хиллик тўғрисидаги халқаро конвенциялар билан муҳофаза қилинади.

Ўзбекистон қор қоплони яшайдиган 12 та мамлакатни бирлаштирувчи GSLEP дастурида иштирок этади.

2025 йилда Қирғизистоннинг Чўлпон-Ота шаҳрида бўлиб ўтган GSLEP Бошқарув қўмитасининг тўққизинчи йиғилишида қор қоплони ва тоғ экотизимларини сақлаб қолиш бўйича резолюция қабул қилинди.

Яна бир ҳужжат — Самарқанд резолюцияси — Самарқандда ўтказилган Кўчиб юрувчи ёввойи ҳайвон турларини сақлаш тўғрисидаги конвенция (CMS COP14) иштирокчилари конференциясининг 14-йиғилишида қабул қилинди. Ушбу ҳужжат мазкур йўналишда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган.

Ўзбекистон халқаро ташкилотлар, қўшни давлатлар ва илмий муассасалар билан ҳамкорликни ҳам ривожлантирмоқда. Фаолият йўналишлари қаторида мониторингнинг замонавий технологияларини қўллаш ва трансчегаравий тоғ экотизимларини биргаликда муҳофаза қилиш ҳам бор.

Мутахассислар баҳосига кўра, дунёда 2 700–3 400 тага яқин қор қоплони сақланиб қолган.

Йиртқич ўрта ва баланд тоғли ҳудудларда яшайди. У асосан ғира-шира пайтда ва тунда фаол бўлади, кундузи эса ғорлар ҳамда қоялар орасида яширинади. Бу турга мавсумий миграциялар хос бўлиб, умр кўриш давомийлиги 21 йилгача етиши мумкин.

Ҳисор давлат қўриқхонаси 1983 йилда ташкил этилган. У тўртта ҳудуддан иборат бўлиб, бу ерда умуртқасиз ва умуртқали ҳайвонларнинг 270 дан ортиқ тури рўйхатга олинган. Уларнинг қарийб 20 таси Ўзбекистон Қизил китобига киритилган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.