Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Сенати мамлакатда меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларсиз ишлаётган хорижий фуқаролар учун жарима жорий этилишини маъқуллади. Тегишли ўзгартиришлар парламент юқори палатасининг 21-ялпи мажлисида кўриб чиқилди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон хорижий инвестицияларни жалб қилиш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, хорижий фуқароларнинг мамлакатга кириши ва ишга жойлашиши учун қулай шароитлар яратиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширмоқда.
Шу билан бирга, хорижий фуқаролар томонидан белгиланган меҳнат фаолиятини амалга ошириш тартиби бузилиши ҳолатлари ҳам қайд этилмоқда. Амалдаги қонунчиликда бундай ҳуқуқбузарликлар учун хорижий фуқароларнинг бевосита маъмурий жавобгарлиги назарда тутилмаган.
Киритилаётган ўзгартиришлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексни янги 49⁶-модда билан тўлдиради. Унга мувофиқ, бошқа давлатда доимий яшовчи хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистонда тегишли ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатсиз меҳнат фаолияти билан шуғулланган тақдирда, уларга 10 базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ) миқдорида жарима солинади.
Бундай ҳужжатнинг амал қилиш муддати тугаганидан кейин меҳнат фаолиятини давом эттириш ёки рухсатномада кўрсатилмаган фаолият тури билан шуғулланиш ҳам жавобгарликка сабаб бўлади.
Маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида ҳуқуқбузарлик такроран содир этилса, хорижий фуқаро Ўзбекистон ҳудудидан маъмурий тартибда чиқариб юборилади ва унинг мамлакатга кириш ҳуқуқи уч йил муддатга чекланади. Дастлабки ҳуқуқбузарлик учун тайинланган жарима тўланмаган тақдирда ҳам худди шундай чоралар қўлланилиши назарда тутилган.
Муҳокама давомида сенаторлар янги нормаларнинг самарали қўлланилишини таъминлаш зарурлигини таъкидладилар. Шунингдек, хорижий фуқаролар ва иш берувчиларни белгиланган тартиб-таомиллар ҳақида хабардор қилиш ҳамда масъул идоралар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш муҳимлиги қайд этилди.
Сенаторларнинг фикрича, қонун хорижий фуқароларнинг қонуний меҳнат фаолиятини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, шунингдек, хорижий ходимлар ва иш берувчиларнинг масъулиятини оширишга қаратилган.