Ўзбекистон

Сув хўжалиги инспекцияси давлат божисиз даъво аризаси бериши мумкин

Сув хўжалиги инспекцияси давлат божисиз даъво аризаси бериши мумкин
Сув хўжалиги инспекцияси давлат божисиз даъво аризаси бериши мумкин / Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари манфаатларини кўзлаб иқтисодий судларга даъво аризалари киритишда соҳавий инспекцияни давлат божини тўлашдан озод қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда қабул қилди.

Ҳужжат билан «Давлат божи тўғрисида»ги Қонуннинг 9-моддасига қўшимчалар киритиш назарда тутилган.

Таклиф этилаётган норма Сув хўжалиги объектлари хавфсизлиги ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ҳамда унинг ҳудудий бошқармаларига тааллуқли.

Улар маҳаллий ёки хорижий пудратчи ташкилотлар шартнома мажбуриятларини бажармаган тақдирда, иқтисодий судларга давлат божини тўламасдан мурожаат қилиш имкониятига эга бўлади.

Гап сувни тежайдиган суғориш технологияларини ўрнатиш, уларнинг сифатини таъминлаш ва сервис хизматларини кўрсатиш бўйича тузилган шартномалар ҳақида бормоқда.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш имконини бериши ҳамда аграр соҳада сувни тежайдиган технологияларни янада кенг жорий этишга хизмат қилиши кутилмоқда.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.