Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда хорижий автотранспорт воситаларининг мамлакат ҳудудида бўлиш муддатини 90 кундан 180 кунгача узайтириш таклиф этилди. Шунингдек, божхона тўловларини кечиктириб тўлаш муддатини 60 кундан 120 кунгача узайтириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси хабар берди.
Тегишли қонун лойиҳаси депутатлар томонидан кўриб чиқилиб, биринчи ўқишда қабул қилинди.
Ҳужжатда божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлашда фоизларни ҳисоблаш тартибини ўзгартириш ҳам назарда тутилган. Бунда қўлланиладиган фоиз ставкаларини Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасига тенглаштириш таклиф этилмоқда.
Бундан ташқари, қонун лойиҳаси тадбиркорлар учун бош таъминот миқдорини камайтириш механизмларини ҳам ўз ичига олади.
Ўзгаришлар «Ягона дарча» божхона ахборот тизимига ҳам тааллуқли бўлади. Ушбу тизим орқали лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари доирасида аризалар ҳамда уларга илова қилинадиган ҳужжатларни тақдим этиш имкониятларини кенгайтириш режалаштирилмоқда.
Қонунчилик палатаси маълумотига кўра, таклиф этилаётган чоралар ташқи савдодаги маъмурий тартиб-таомилларни қисқартириш, тадбиркорларнинг молиявий юкини камайтириш, шунингдек, божхона хизматларининг шаффофлиги ва тезкорлигини оширишга қаратилган.