Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Швейцария мамлакатга ноқонуний ўзлаштирилган активларнинг навбатдаги қисмини — 252,5 миллион доллар маблағни қайтариш тўғрисидаги келишувни тасдиқлади. Маблағлар «Ишонч – 2030» траст фонди орқали соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларини ривожлантиришга йўналтирилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди.
Келишув 2026 йил 24 ноябрда тасдиқланган. Ресурсларни тақсимлаш стратегиясининг иккинчи босқичи доирасида активларни қайтариш ва улардан устувор ижтимоий дастурларни амалга оширишда фойдаланиш механизми назарда тутилган.
Ҳужжатни Ўзбекистон иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Отабек Фазилкаримов, Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчиси Симоне Гигер ҳамда БМТнинг мамлакатдаги доимий координатори Сабине Маль имзолади.
«Ишонч» фонди (Uzbekistan Vision 2030 Fund) Ўзбекистон, Швейцария ва БМТ ҳамкорлигида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган. Унинг асосий вазифаси Швейцарияда мусодара қилинган активларни қайтариш ва улардан Ўзбекистон аҳолиси манфаатлари йўлида фойдаланилишини таъминлашдан иборат.
Фонд 2022 йилда Швейцария ва Ўзбекистон ўртасида Ўзбекистон халқи манфаатлари йўлида ноқонуний йўл билан орттирилган активларни қайтариш, яъни реституция тўғрисидаги келишув имзоланганидан сўнг ташкил этилган. Фонд Ўзбекистондаги миллий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ва Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришишга хизмат қилувчи дастурлар орқали активларнинг шаффоф ва самарали қайтарилишини таъминлайди.
Фонд орқали Гулнора Каримовага нисбатан жиноят иши доирасида узил-кесил мусодара қилинган активлар қайтарилмоқда. Шунингдек, у Швейцарияда давом этаётган жиноий тергов жараёнида келгусида узил-кесил мусодара қилиниши мумкин бўлган қўшимча активларни қайтариш механизми сифатида ҳам хизмат қилади.
Швейцария прокуратураси 2012 йилда Каримова ва унинг атрофидаги шахсларга нисбатан тергов бошлаган. 2020 йил март ойида Ўзбекистон суди уни, жумладан, маблағларни ўзлаштириш ва пул ювиш жиноятлари учун 13 йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилган.
Фонд ўз фаолиятида БМТнинг тамойиллари ва қадриятларига, шунингдек, Активларни қайтариш бўйича глобал форумнинг (GFAR) асосий тамойиллари — шаффофлик, ҳисобдорлик, иштирок этиш ва жамоат манфаатларига амал қилади. Фонд баёнотига кўра, реституция жараёнининг тамойилларга асосланган, амалий, ўз вақтида ва адолатли бўлишини таъминлаш учун илғор халқаро тажрибалар қўлланилади.
Фондга 339,5 миллион доллар ажратилган. Ҳозирга қадар у Ўзбекистон аҳолиси учун соғлиқни сақлаш ва таълим хизматларининг қулайлиги ҳамда сифатини оширишга қаратилган дастурлар портфелига 87 миллион доллар йўналтирган.
Маблағлар БМТ ва Жаҳон банки иштирокида Ўзбекистон ҳукумати дастурлари орқали тақсимланади. Лойиҳаларни танлаш, амалга ошириш ва натижаларини мониторинг қилиш жараёнларида шаффофлик, ҳисобдорлик ва жамоатчилик иштироки тамойилларига амал қилиш назарда тутилган.
Фонд қарорларни қандай қабул қилади?
«Ишонч» реституция фонди ҳисобланади. Унинг мақсади мусодара қилинган активларни Ўзбекистонга қайтариш орқали аҳоли ҳаётида узоқ муддатли ижобий ўзгаришларга эришишдан иборат. Барча қарорлар ушбу мақсаддан келиб чиқиб, шаффофлик ва ҳисобдорликка устувор аҳамият берилган ҳолда қабул қилинади.
Фонд фаолиятига уч нафар ҳамраисдан иборат Бошқарув қўмитаси раҳбарлик қилади. Унинг таркибига Ўзбекистон ҳукумати вакили, Швейцария ҳукумати вакили ҳамда БМТнинг доимий координатори киради. Қарорлар консенсус асосида қабул қилинади. Агар ўзаро келишувга эришилмаса, масала Швейцария Давлат котиби ўринбосари ва Ўзбекистон Бош вазири ўринбосаридан иборат юқори даражадаги Стратегик қўмита кўриб чиқишига киритилади.
Бошқарув қўмитаси Фуқаролик жамияти маслаҳат кенгашидан (CSAC) тавсиялар олади. Унинг иштироки фондга аҳолининг ҳақиқий эҳтиёжлари ва турли нуқтаи назарларини ҳисобга олиш, шунингдек, жамоатчилик ишончини сақлаш имконини беради. Кенгаш фуқаролик жамияти ва қарор қабул қилувчилар ўртасидаги боғловчи бўғин вазифасини бажаради.
Фонд Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш ва таълим хизматларининг қулайлиги ҳамда сифатини оширишга қаратилган Ресурсларни тақсимлаш стратегиясига мувофиқ лойиҳаларга сармоя киритади.
Фонд маблағларини тақсимлашнинг биринчи босқичида соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларига 87 миллион доллар йўналтирилган. Ушбу маблағлар оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, перинатал ёрдамни такомиллаштириш, таълим сифатини ошириш ҳамда ўқитувчиларнинг рақамли кўникмаларини ривожлантириш учун сарфланган.
Иккинчи босқичда молиялаштиришнинг иккита асосий йўналиши белгиланган.
Соғлиқни сақлаш соҳасида болалар ва ўсмирларга тиббий ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш, касалликларнинг олдини олиш ва уларни эрта аниқлаш тизимини кенгайтириш, жумладан, айрим онкологик касалликларни даволаш имкониятларини ривожлантириш режалаштирилган. Шунингдек, тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ошириш ҳам кўзда тутилган.
Таълим соҳасида маблағлар мактабларнинг инфратузилма эҳтиёжларини қондиришга, жумладан, янги таълим муассасалари қурилишини қўллаб-қувватлашга йўналтирилади. Стратегияда рақамли технологияларни жорий этиш, ўқитувчилар малакасини ошириш ва сифатли таълимдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳам назарда тутилган.
Бунда қишлоқ ҳудудлари ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имконияти чекланган аҳоли қатламларига алоҳида эътибор қаратиш режалаштирилган.
Фонд фаолиятининг бошқа тамойиллари қаторида коррупцияга қарши курашиш, маблағлардан мақсадли фойдаланиш, лойиҳалар натижаларини баҳолаш ҳамда фуқаролик жамияти вакилларининг мустақил мониторинг жараёнларида иштирок этиши ҳам белгиланган.