Ўзбекистон

Ўзбекистон Ҳаво кемаларининг қонунга хилоф тарзда босиб олинишига қарши курашиш тўғрисидаги Пекин протоколига қўшилади

Ўзбекистон Ҳаво кемаларининг қонунга хилоф тарзда босиб олинишига қарши курашиш тўғрисидаги Пекин протоколига қўшилади
Ўзбекистон Ҳаво кемаларининг қонунга хилоф тарзда босиб олинишига қарши курашиш тўғрисидаги Пекин протоколига қўшилади / Фото: Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда “Ҳаво кемаларининг қонунга хилоф тарзда босиб олинишига қарши курашиш тўғрисидаги Конвенциясини тўлдирувчи Баённомага (Пекин, 2010-йил 10-сентабр) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Мазкур Баённома 1970-йилги Гаага конвенциясини бугунги кун талабларига мослаштиришга қаратилган. У ҳаво кемаларини қонунга хилоф равишда эгаллаб олишга қарши курашишнинг халқаро ҳуқуқий механизмларини такомиллаштиради.

Хусусан, Баённома ҳаво кемаларини куч ишлатиш ёки таҳдид қилиш билан бир қаторда, мажбурлаш, қўрқитиш ёхуд замонавий техник воситалардан фойдаланиш орқали эгаллаб олиш ҳолатларини қамраб олади. Шунингдек, бундай жиноятларни ташкил этиш, уларда иштирок этиш ва уларга кўмаклашиш учун жавобгарликни таъминлашга оид қоидаларни белгилайди.

Мажлисда қайд этилганидек, мамлакатимизда авиақатновлар географиясини кенгайтириш, янги ҳаво ташувчиларни жалб этиш, аэропортларнинг транзит салоҳиятини ошириш ва авиация хизматлари бозорини либераллаштириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳаво транспорти хавфсизлигини таъминлашга янада юқори талаблар қўймоқда.

Бундай шароитда Баённомага қўшилиш ҳаво кемалари, йўловчилар ва экипаж аъзолари хавфсизлигини таъминлаш, авиатсия соҳасидаги трансчегаравий жиноятларга қарши курашиш ҳамда хорижий давлатларнинг ваколатли органлари билан ҳуқуқий ҳамкорликни кучайтириш имконини беради.

Айни пайтда халқаро авиация хавфсизлиги стандартларининг изчил жорий этилиши Ўзбекистоннинг соҳадаги халқаро баҳолаш ва рейтинглардаги мавқеини яхшилаш, хорижий ҳамкорлар ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Мажлисда қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Ўзбекистоннинг халқаро авиация хавфсизлиги тизимидаги иштирокини мустаҳкамлаш ҳамда ҳаво ташувларининг барқарор ривожланишини таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди.

Муҳокамалар якунида қонун лойиҳаси қабул қилиниб, Сенатга юборилди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.