Иқтисод

Indorama Corporation Фарғона вилоятидаги ҳамкорликни кенгайтиради

Indorama Corporation Фарғона вилоятидаги ҳамкорликни кенгайтиради
Indorama Corporation Фарғона вилоятидаги ҳамкорликни кенгайтиради / Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сингапурнинг Indorama Corporation компанияси ва Фарғона вилояти ҳокимлиги саноат ҳамда кадрлар тайёрлаш соҳаларидаги ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Indorama Corporation кузатув кенгаши раиси ва гуруҳнинг Европа бўйича директори Пракаш Кежривал билан учрашув ўтказди.

Томонлар аввалги музокараларда илгари сурилган таклифларни амалга ошириш, шунингдек, ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.

«Фарғонаазот — Indorama» корхонасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу корхона негизида 14 та йўналиш бўйича таълим берувчи ўқув маркази фаолият юритмоқда. Учрашув иштирокчилари малакали мутахассислар тайёрлаш мақсадида дуал таълим тизимини кенгайтириш имкониятларини ҳам кўриб чиқди.

Музокаралар кун тартибидан корхонани модернизация қилиш, ишлаб чиқариш қувватларини ошириш ва экспорт ҳажмини кўпайтириш масалалари ҳам ўрин олди. Бундан ташқари, ишлаб чиқаришнинг атроф-муҳитга таъсирини камайтириш учун замонавий экологик технологияларни жорий этиш муҳокама қилинди.

Учрашув иштирокчилари истиқболли лойиҳалар бўйича таклифлар алмашди. Музокаралар якунида ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди. Янги лойиҳаларнинг аниқ параметрлари ва уларни амалга ошириш муддатлари ҳақида маълумот берилмаган.

Indorama Corporation тўқимачилик ва кимё саноатида фаолият юритади, шунингдек, минерал ўғитлар ишлаб чиқаради. Вилоят ҳокимлиги маълумотларига кўра, холдинг 40 дан ортиқ мамлакатда фаолият олиб боради ва Ўзбекистоннинг йирик инвесторлари қаторига киради.

2011 йилда Қўқон шаҳрида тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган Indorama Kokand Textile корхонаси ишга туширилган. 2019 йилда эса собиқ Қўқон суперфосфат заводи негизида Indorama Kokand Fertilizers and Chemicals компанияси ўз фаолиятини бошлаган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.