Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Таэквондо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси вакили Мадина Мирабзалова Остона шаҳрида бўлиб ўтган World Taekwondo Гран-при финал турнирида кумуш медаль қўлга киритди. Спортчи 57 кг гача бўлган вазн тоифасида иштирок этди.
Мирабзалова финалга қадар бир нечта ғалабага эришди. Унинг мағлуб этган рақиблари орасида Жанубий Кореялик Олимпия чемпиони Ким Ю Жин ҳам бор.
Ҳал қилувчи беллашувда ўзбекистонлик спортчи Бразилия вакили Мария Клара Пачекога имкониятни бой берди ва мусобақани иккинчи ўринда якунлади.
Ушбу натижа учун Мирабзалова Олимпия рейтингига 60 очко қўшиб олди.