7
Иқтисод

Ўзбекистон ва Ўмон бизнес-форумда бир қатор келишувлар имзолади

Ўзбекистон ва Ўмон бизнес-форумда бир қатор келишувлар имзолади
Ўзбекистон ва Ўмон бизнес-форумда бир қатор келишувлар имзолади / Фото: Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Ўмон энергетика, саноат, транспорт, молия ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик қилиш бўйича ҳужжатлар тўпламини имзолади. Бу ҳақда Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги хабар берди.

16 ноябрь куни Масқат шаҳрида Ўзбекистоннинг иқтисодий, инвестициявий ва саноат салоҳиятига бағишланган Ўзбекистон — Ўмон бизнес-форуми ва кўргазмаси бўлиб ўтди. Тадбирлар Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўмонга давлат ташрифи доирасида ташкил этилди.

Форумда икки мамлакатнинг йирик компаниялари ва ишбилармон доиралари вакилларидан иборат 150 нафардан ортиқ иштирокчи қатнашди.

Тадбирда Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ҳамда Умон савдо, саноат ва инвестицияларни рағбатлантириш вазири Анвар бин Ҳилол Ал-Жабрий асосий маърузалар билан иштирок этди.

Иштирокчилар ўзаро савдо ҳажмини ошириш, инвестицияларни жалб қилиш ва саноат кооперациясини ривожлантириш имкониятларини муҳокама қилди. Эришилган келишувлардан аниқ лойиҳаларни амалга ошириш босқичига ўтиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Форум дастуридан инвестициялар, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик саноати, молиялаштириш, ахборот технологиялари, қурилиш ва ишлаб чиқариш масалаларига бағишланган панель сессиялари ўрин олди.

Шунингдек, B2B ва G2B форматларида ишбилармонлик учрашувлари ўтказилди. Улар давомида икки мамлакат компаниялари ва давлат идоралари вакиллари ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш имконига эга бўлди.

Тадбир якунлари бўйича томонлар энергетика, саноат, транспорт ва логистика, молия, қишлоқ хўжалиги ҳамда технологиялар соҳаларини қамраб олган ҳужжатлар тўпламини имзолади.

 

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.