Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Ҳисоб палатаси Швейцария вакиллари билан Марказий Осиёдаги олий аудит органларини ривожлантиришга қаратилган CASAI минтақавий дастурида иштирок этиш масаласини муҳокама қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ҳисоб палатаси хабар берди.
Учрашувда Швейцария Иқтисодий масалалар бўйича давлат котибияти (SECO) дастури менежери Рональд Гиндрат ҳамда Швейцария элчихонаси ҳамкорлик бўлими раҳбари ўринбосари Урсула Келлер Алаццави иштирок этди.
Швейцария томони Ўзбекистон Ҳисоб палатасини 2026–2029 йилларга мўлжалланган CASAI дастурига қўшилишга таклиф қилди. Дастурнинг асосий мақсади Марказий Осиё мамлакатлари олий аудит органларининг институционал ва касбий салоҳиятини мустаҳкамлашдан иборат.
Дастурда иштирок этиш Ҳисоб палатасига халқаро методологиядан фойдаланган ҳолда ўз фаолиятини мустақил баҳолаш имконини беради.
Бундан ташқари, идора хорижий ҳамкасблари кўмагида стратегик мақсадларга эришиш устида ишлаши ҳамда тажриба алмашишга қаратилган минтақавий тадбирларда иштирок этиши мумкин.
Швейцария вакиллари, шунингдек, Ўзбекистон Ҳисоб палатасининг рақамлаштириш соҳасидаги ютуқларини алоҳида қайд этди. Улар идорага тўпланган тажрибани минтақанинг бошқа мамлакатларидаги ҳамкасблари билан бўлишишни таклиф қилди.