Ўзбекистон

Трамп Вашингтонда ўрнатилган ўзбек айвонлари учун Мирзиёевга миннатдорлик билдирди

Трамп Вашингтонда ўрнатилган ўзбек айвонлари учун Мирзиёевга миннатдорлик билдирди
Трамп Вашингтонда ўрнатилган ўзбек айвонлари учун Мирзиёевга миннатдорлик билдирди / Фото: Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — АҚШ президенти Дональд Трамп Вашингтонда ўрнатилган совға қилинган ўзбек айвонлари учун Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирди.

Трамп таъкидлашича, иншоотларнинг очилиш маросими ўтган ҳафта Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Фурқат Сидиқов ва АҚШ ички ишлар вазири Дуглас Бергам иштирокида бўлиб ўтган. Америка президентининг айтишича, у Marine One вертолётида ушбу ҳудуд устидан учиб ўтган.

Айвонлар ўзбек усталари томонидан тайёрланган бўлиб, улар бир неча ой давомида оилаларидан узоқда ишлашган. Иншоотларни қуришда 200 йиллик тоғ ёнғоқ дарахтларининг ёғочидан фойдаланилган. Трамп ҳунармандларнинг маҳоратини юқори баҳолаб, иншоотларни гўзал деб атади.

Америка президенти айвонларни шахсий мулкида қолдириш ўрнига, улардан жамоатчилик фойдаланиши учун топширишга қарор қилганини маълум қилди. Айвонлар Вашингтондаги Tidal Basin сув ҳавзаси бўйида ўрнатилган. Ушбу ҳудуддан Томас Жефферсон ва Жорж Вашингтон ёдгорликлари кўриниб туради.

Трампнинг сўзларига кўра, бир йилдан кейин National Heroes Park боғи очилганидан сўнг, айвонлар пойтахтдаги машҳур жамоат масканларидан бирига айланиши мумкин. Ушбу иншоотлардан жамоат тадбирлари, дипломатик қабуллар ва сакура гуллаши фестивали давомида фотосессиялар ўтказиш учун фойдаланиш мумкинлигини таъкидлади.

Шунингдек, Трамп Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси ва АҚШ Миллий парклар хизматига ўзбек усталари билан ҳамкорлик қилгани учун миннатдорлик билдирди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.