Ўзбекистон

Ўзбекистонда мигрантлар учун вақтинчалик сақлаш марказлари очилади

Ўзбекистонда мигрантлар учун вақтинчалик сақлаш марказлари очилади
Ўзбекистонда мигрантлар учун вақтинчалик сақлаш марказлари очилади / Фото: Ички ишлар вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда репатриация қилиниши лозим бўлган хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни вақтинча сақлаш марказларини ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида эълон қилинди. Бу ҳақда Gazeta.uz хабар бермоқда.

Марказларни ИИВ Миграция ва персоналлаштириш департаменти ҳузурида ташкил этиш таклиф қилинмоқда. Уларнинг биринчисини 2027 йилда Тошкент шаҳрида очиш режалаштирилган.

2028–2030 йилларда шундай муассасалар Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида ҳам ташкил этилиши мумкин.

Марказлар хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг шахсини аниқлаш ҳамда улар яшаш мамлакатига қайтиши учун зарур ҳужжатларни расмийлаштириш даврида вақтинча жойлаштиришга мўлжалланган. Шунингдек, улар марказга жойлаштирилганда ҳуқуқбузарлик ёки жиноятларга алоқадорлиги эҳтимоли ҳам текширилади.

Лойиҳага кўра, марказга жойлаштириш учун суд қарори асос бўлиши мумкин. Шунингдек, ҳужжатлари мавжуд бўлмаган ёки уларнинг амал қилиш муддати тугаган хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек, маъмурий тартибда мамлакатдан чиқариб юбориш тўғрисидаги суд қарори ижросини таъминламаган шахслар ҳам марказларга юборилиши мумкин.

Ўзбекистонда бўлиши номақбул деб топилган, бироқ белгиланган муддатда мамлакатни тарк этмаган шахсларни ҳам ушбу марказларга жойлаштириш режалаштирилмоқда.

Марказларда сақлашнинг энг кўп муддати бир йилдан ошмаслиги керак. Жойлаштирилган шахсларга юридик ёрдам олиш, таржимон хизматидан фойдаланиш, телефон орқали қўнғироқ қилиш, қариндошлари ва дипломатик муассасалар вакиллари билан учрашиш ҳуқуқи берилади.

Лойиҳада узлуксиз тунги уйқу учун камида саккиз соат вақт ажратиш ҳамда махсус белгиланган ҳудудларда сайр қилиш имкониятини кафолатлаш назарда тутилган.

Марказларда яшаш хоналари, тиббиёт пунктлари, ошхоналар, кир ювиш хоналари, спорт майдончалари ва маданий ҳордиқ чиқариш учун хоналар ташкил этилиши режалаштирилган. У ерда сақланаётган шахслар овқат билан таъминланади, зарурат туғилганда эса суғурта асосида ёки пуллик тиббий ёрдам кўрсатилади.

Ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказларига юбориш таклиф этилмоқда. Касалликка чалинган хорижий фуқаролар тиббиёт муассасаларига, руҳий касалликлари бўлган шахслар эса «Мурувват» интернат уйларига жойлаштирилади.

Марказларни молиялаштириш давлат бюджети, ИИВнинг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари, ҳомийлик ёрдами, халқаро ташкилотлар грантлари ҳамда бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилиши режалаштирилган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.