Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Иордания икки томонлама муносабатларни стратегик шериклик даражасига олиб чиқишга келишиб олди. Бундай қарор президент Шавкат Мирзиёев ва Иордания қироли Абдулла II ибн ал-Ҳусайннинг Аммандаги музокаралари давомида қабул қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.
24 ноябрь куни «Ал-Ҳусайния» саройида икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда музокаралар бўлиб ўтди. Томонлар сиёсий мулоқотни, иқтисодий алоқаларни ҳамда маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.
Учрашув иштирокчилари сиёсий алоқалар ва идоралараро ҳамкорлик фаоллашганини, шунингдек, ўзаро савдо ва инвестициялар ҳажми ортиб бораётганини қайд этди.
Кейинги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида савдо, инвестициялар, транспорт ва логистика, тоғ-кон саноати, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик саноати, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳалари белгиланди.
Томонлар имтиёзли савдо тўғрисидаги битимни тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Шунингдек, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 500 миллион долларга етказиш вазифаси муҳокама қилинди.
Гуманитар алоқаларни ривожлантириш мақсадида маданият ва санъат ҳафталикларини ўтказиш, диний-маърифий соҳада тажриба алмашиш ҳамда сайёҳлик сафарларини кенгайтириш таклиф этилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Иорданиянинг қадимий шаҳарлари ўртасида биродарлик алоқаларини ўрнатиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Шавкат Мирзиёев ва Абдулла II халқаро ва минтақавий кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашди. Улар БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Қўшилмаслик ҳаракати, «Ақаба жараёни» ва бошқа халқаро тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик муҳимлигини таъкидлади.
Эришилган келишувларни амалга ошириш учун томонлар комплекс «йўл харитаси»ни қабул қилиш ниятида. Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев Иордания қиролини Ўзбекистонга ташриф билан келишга таклиф қилди.