Молия

Муддатли тўлов билан савдо қилувчилар Марказий банкда ҳисобга қўйилади

Муддатли тўлов билан савдо қилувчилар Марказий банкда ҳисобга қўйилади
Муддатли тўлов билан савдо қилувчилар Марказий банкда ҳисобга қўйилади / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Марказий банки чораклик савдо айланмаси 500 млн сўмдан ошадиган ва сотувларининг камида 50 фоизини муддатли тўлов асосида амалга оширадиган савдо ташкилотларини ҳисобга қўйишни таклиф этмоқда. Низом лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Муҳокама 2026 йил 1 декабрга қадар давом этади.

Янги тартибни 2027 йил 1 январдан жорий этиш режалаштирилган. Ҳужжат «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги қонун ҳамда Президентнинг 2026 йил 14 августдаги «Аҳолига муддатли тўлов хизматларини кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-294-сон қарорига мувофиқ тайёрланган. Лойиҳа Солиқ қўмитаси билан келишилган.

Президент қарорига кўра, 2027 йил 1 январдан бошлаб муддатли тўлов хизматлари операторлари фақат Марказий банк реестрига киритилганидан кейин фаолият юритиши мумкин. Лойиҳада ушбу реестрга кириш тартиби аниқлаштирилган. Банклар ва микромолия ташкилотлари тартибга солувчини хабардор қилиш орқали реестрга киритилади, бошқа юридик шахслар эса Марказий банкда ҳисоб рўйхатидан ўтиши керак.

Ҳужжатда товар истеъмол кредити истеъмолчи томонидан харид қилинган товарлар, ишлар ёки хизматлар ҳақини қисмларга бўлиб тўлаш шаклида олинадиган кредит сифатида белгиланган. Бундай кредитни истеъмол товарлари ишлаб чиқарувчилари ва уларни сотувчи ташкилотлар тақдим этиши мумкин. Бунда ишлаб чиқарувчилар ҳисобга қўйилиш талабидан озод этилади.

Ҳисобот даври сифатида ҳар бир чорак белгиланган. Сотувлардан тушган айланма Солиқ кодексининг 239-моддасига мувофиқ аниқланади. Муддатли тўлов бўйича айланмага бундай савдолардан олинган даромадлар, жумладан, фоизли даромадлар ҳам киритилади.

Ташкилотлар муддатли тўлов улушини ҳар бир чорак якунида мустақил ҳисоблаши керак. Бунинг учун муддатли тўлов асосидаги сотувлар айланмаси умумий реализация айланмасига бўлинади ва 100 га кўпайтирилади.

Ҳар икки мезондан ҳам ошган компания Марказий банкка ҳисобга қўйиш ва реестрга киритиш учун ариза ҳамда тегишли ҳужжатларни тақдим этиши шарт. Бунинг учун белгиланган муддат — чоракдан кейинги ойнинг 20-санасига қадар. Тақдим этилган маълумотларнинг ишончлилиги учун ташкилотнинг ўзи жавоб беради.

Солиқ қўмитаси эса бундай сотувчиларни электрон ҳисобварақ-фактуралар ва онлайн назорат-касса техникаси чеклари орқали аниқлайди. Бунда ҚҚС суммаси алоҳида кўрсатилган товарлар, ишлар ва хизматлар қиймати ҳисобга олинади. Ҳисоб-китобга ИКПУнинг учта коди бўйича операциялар киритилади.

10403 00300 8000002 коди кредитлар бўйича фоизли даромадларни, 10403 00301 3000001 коди молиявий ижара (лизинг) хизматлари бўйича фоизли даромадларни англатади. 10406 00300 4000000 коди эса лизингни ҳам ўз ичига олган воситачилик фаолиятидан олинадиган фоизли даромадларга тааллуқли. Воситачилик шартномалари бўйича айланма чекда кўрсатилган комитентнинг (воситачилик шартномаси бўйича топшириқ берувчининг) СТИРи асосида тегишли ташкилотга бириктирилади.

Қўмита бундай сотувчилар ҳақидаги маълумотларни ўз шакли бўйича электрон кўринишда ахборот тизимлари орқали Марказий банкка тақдим этади. Чеклар чорак якунланганидан кейин ҳам Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 ноябрдаги «Онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизимини қўллашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 943-сон қарорида белгиланган тартибда тузатилиши мумкин. Бундай ҳолатда қўмита тартибга солувчига айланма бўйича янгиланган маълумотларни юборади.

Бундай ташкилотларни аниқлаш жараёни тўрт босқичда амалга оширилади. Чоракдан кейинги ойнинг 15-санасига қадар Солиқ қўмитаси эҳтимолий талабларга жавоб берадиган ташкилотлар рўйхатини шакллантиради ва шу муддатнинг ўзида улар ҳақидаги маълумотларни Марказий банкка тақдим этади. Марказий банк маълумотларни беш иш куни давомида таҳлил қилади ва зарурат бўлганда аниқлик киритиш учун қўшимча маълумот сўрайди. Қўмита бундай сўровга ҳам беш иш куни ичида жавоб беради.

Сўнгги босқичда Марказий банк ташкилотларнинг ўзи тақдим этган ариза ва ҳужжатларни кўриб чиқади. Агар компания қонунчилик ва низом талабларига жавоб берса, у ҳисобга қўйилади ҳамда реестрга киритилади. Низом матнида аризани кўриб чиқиш муддати қонунчиликка мувофиқ белгиланиши кўрсатилган. Бироқ ҳужжатга илова қилинган схемада маълумотлар олинган пайтдан бошлаб 15 иш куни деб белгиланган.

Марказий банк солиқ маълумотларидан ташқари, ўз ваколатлари доирасида бошқа манбалардан, жумладан, кредит бюролари маълумотларидан ҳам фойдаланиши мумкин.

Идоралар ахборот тизимларини тўғридан-тўғри интеграция қилиш орқали электрон шаклда маълумот алмашади. Техник параметрлар, маълумотлар формати ва уларни узатиш каналлари қўшма техник регламент билан белгиланади. Олинган маълумотлардан фақат низомда назарда тутилган мақсадларда фойдаланиш мумкин бўлади. Уларга солиқ ва банк сирини сақлаш талаблари татбиқ этилади.

Агар ташкилот белгиланган мезонларга жавоб берса-ю, Марказий банкда ҳисобга қўйилмасдан фаолият юритса, бу низом талабларининг бузилиши ҳисобланади. Айбдор шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.