Биржалар

«ЎзНИФ»нинг соф фойдаси 9 ойда 1,94 трлн сўмга етди

«ЎзНИФ»нинг соф фойдаси 9 ойда 1,94 трлн сўмга етди
«ЎзНИФ»нинг соф фойдаси 9 ойда 1,94 трлн сўмга етди / Фото: «ЎзНИФ».

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «ЎзНИФ»нинг 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойидаги соф фойдаси 1,94 трлн сўмни ташкил этди. Ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 130,6 млрд сўмга тенг бўлган. Бу ҳақда «ЎзНИФ»нинг аудиторлик текширувидан ўтмаган чораклик ҳисоботида маълум қилинган.

Портфельни қайта баҳолашдан олинган соф амалга оширилмаган фойда 2,17 трлн сўмга етди. Ҳисобот маълумотларига кўра, бунга портфелнинг ярим йиллик баҳоланиши ва шу даврда ўтказилган қайта ташкил этиш жараёни сабаб бўлган. Операцион харажатлар 282 843 млн сўмни ташкил этди. Ушбу маблағнинг 249 062 млн сўми Franklin Templeton Asset Management компаниясининг ишончли бошқарувчи сифатидаги хизмат ҳақига тўғри келди.

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари», «Ўзбектелеком», «Иссиқлик электр станциялари», SQB банки ва «Ҳудудий электр тармоқлари»даги улушлар қиймати асосан ошди. Temiryo‘linfratuzilma, Hududgazta’minot ва Uzbekhydroenergo компанияларининг баҳоланган қиймати эса пасайди.

30 сентябрь ҳолатига кўра, соф активлар қиймати (NAV) 31,55 трлн сўмни ташкил этди. 2025 йил охирида бу кўрсаткич 29,86 трлн сўм бўлган, яъни ўсиш 5,7 фоизга тенг. Апрель ойидаги акцияларни консолидация қилишни ҳисобга олган ҳолда қайта ҳисобланган ҳар бир акцияга тўғри келадиган NAV 5,9082 сўмдан 6,2421 сўмга етди. Портфель қиймати 6,4 фоизга ошиб, 32,05 трлн сўмни ташкил қилди, АҚШ долларидаги қиймати эса 8,2 фоизга ўсди.

Ҳисоботда портфель ўсиши билан ҳар бир акцияга тўғри келадиган NAV ўсиши ўртасидаги фарқ портфельга кирмайдиган моддалар ўзгариши билан изоҳланган. Портфель ҳисобга олинмаган ҳолдаги соф мажбуриятлар 259 150 млн сўмдан 497 411 млн сўмга ошган.

Учинчи чоракда қайта баҳолаш ўтказилмади. Балансдаги портфельга кирмайдиган моддалар таъсирида ҳар бир акцияга тўғри келадиган NAV 0,38 фоизга — 6,2659 сўмдан 6,2421 сўмга пасайди. Июнь ойидаги қайта баҳолаш эса ушбу кўрсаткични тахминан 8,5 фоизга оширган эди.

Дивидендлардан олинган ялпи даромад 2,1 баробарга ошиб, 356 259 млн сўмни ташкил этди. 2025 йил якунлари бўйича тўртта компания дивиденд тўлашни эълон қилди: «Иссиқлик электр станциялари» — 132 594 млн сўм, «Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси» — 116 935 млн сўм, «Ўзбектелеком» — 94 774 млн сўм ва «Ўзбекинвест» — 11 956 млн сўм. 30 сентябрга қадар фонд 223 665 млн сўм дивиденд олди. «Иссиқлик электр станциялари»дан эса маблағ келиб тушмаган.

Ушбу компания фонд олдида 164,9 млрд сўм миқдорида дивиденд қарздорлигига эга. Бунинг 32,3 млрд сўми 2024 йил, 132,6 млрд сўми эса 2025 йил учун ҳисобланган дивидендлардир.

Тўловлар ликвидлик етишмаслиги сабабли кечиктирилмоқда. Ишончли бошқарувчи компания ва Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан музокаралар олиб бормоқда. Фонд олган дивидендлар 2026 йил 1 январдан 2030 йил 1 январга қадар фойда солиғидан озод қилинган.

31 октябрь ҳолатига кўра, NAV 31,52 трлн сўмни ташкил этди. Бу 30 сентябрдаги кўрсаткичдан 0,1 фоизга кам. Ҳар бир акцияга тўғри келадиган NAV 6,2359 сўмга тенг бўлиб, йил бошидан буён 5,55 фоизга ўсган. Портфель қиймати ўзгармаган. Сўмнинг заифлашиши туфайли доллардаги NAV 2,67 млрд доллардан 2,62 млрд долларга тушди: доллар курси 11 821 сўмдан 12 023 сўмга кўтарилди.

26 ноябрь куни бўлиб ўтган савдолар якунларига кўра, «Тошкент» республика фонд биржасида фонд акциялари 6,64 сўмдан ёпилди. Бу 31 октябрь ҳолатига ҳар бир акцияга тўғри келадиган NAVдан 6,48 фоизга, 4,65 сўмлик жойлаштириш нархидан эса 42,8 фоизга юқори. Лондон биржасидаги глобал депозитар тилхат (GDR) нархи 33,15 долларни ташкил этди. Бу NAVдан 1,50 фоизга паст, 25 долларлик жойлаштириш нархидан эса 32,6 фоизга юқори. Октябрь ойида ўртача кунлик савдо айланмаси «Тошкент» республика фонд биржасида 0,04 млн доллар, Лондон биржасида эса 1,74 млн доллар бўлди.

Портфельнинг навбатдаги мустақил баҳоланиши 2026 йил 31 декабрга белгиланган. Фонд маълум қилишича, Президент қарори билан портфелдаги олтита компания акцияларини 2028 йил охирига қадар IPO орқали бирламчи оммавий жойлаштириш назарда тутилган. Ушбу компаниялар NAVнинг қарийб 65 фоизини ташкил этади. Дастурга Uzbekhydroenergo, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари», «Ҳудудий электр тармоқлари», Hududgazta’minot, Uzbekistan Airways ва «Ўзбектелеком» киритилган. Ҳозирча бирор компания акцияларини жойлаштиришни бошлаш бўйича қарор қабул қилинмаган, фонднинг таклифда иштирок этиши масаласи эса кейинроқ белгиланади.

Ҳисобот давридан кейин Uzbekhydroenergo кузатув кенгаши 2025 йил якунлари бўйича ҳар бир акция учун 21,26 сўмдан дивиденд тўлашни тавсия қилди. Агар акциядорлар бу таклифни маъқулласа, фонд тахминан 66 млрд сўм олади. Бундан ташқари, 6 ноябрь куни компания қарийб 2,97 трлн сўмлик қўшимча акциялар чиқарилишини рўйхатдан ўтказди. Ушбу акциялар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда «ЎзНИФ» ўртасида 60 ва 40 фоиз нисбатда тақсимланади. Бироқ фонд улушига тўғри келадиган акцияларни жойлаштириш ҳозирча тасдиқланмаган.

«ЎзНИФ» Президентнинг 2024 йил 27 августдаги ПҚ-303-сон қарорига мувофиқ ташкил этилган ва 2024 йил 24 декабрда акциядорлик жамияти сифатида рўйхатдан ўтказилган. Унинг портфели 13 та компаниядаги 25 фоиздан 40 фоизгача бўлган улушларни қамраб олади. Уларнинг аксарияти давлат назорати остида. Компаниялар транспорт, молиявий хизматлар, энергетика, коммунал инфратузилма ва телекоммуникация соҳаларида фаолият юритади. 2025 йил 1 майдан бошлаб фонднинг беш йил муддатга ишончли бошқарувчиси этиб Franklin Templeton Asset Management тайинланган.

Фонд акциялари «Тошкент» республика фонд биржасида, депозитар тилхатлари эса Лондон фонд биржасида 2026 йил 18 майдан бошлаб савдога қўйилди. Жойлаштириш нархи бир GDR учун 25 доллар ва бир акция учун 4,65 сўмни ташкил этди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги фонд капиталининг қарийб 31 фоизини сотди. Қўшимча жойлаштириш опциони тўлиқ амалга оширилганидан кейин сотилган улуш тахминан 35,45 фоизга етди. Ялпи тушум қарийб 691,5 млн долларни ташкил қилди, бироқ ушбу маблағ фондга келиб тушмаган. 30 сентябрь ҳолатига кўра, вазирликка акцияларнинг 64,55 фоизи тегишли бўлган, депозитар тилхатлар эса акцияларнинг 34,50 фоизини ифодалаган.

Жойлаштиришдан олдин фонд «Навоийазот» ва «Халқ банки»даги барча улушларини вазирликка топширди. Бунинг эвазига фонд «Ўзбектелеком»даги қўшимча 5 фоиз улушни (жами 30 фоиз), SQB банки ва «Ўзбекинвест»даги 10 фоиздан улушни (ҳар бирида жами 40 фоиз) олди. Битимлар 2026 йил 19 мартда рўйхатдан ўтказилган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.