Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Халқаро валюта жамғармаси мамлакатнинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиши бўйича музокаралар жараёнини муҳокама қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси хабар берди.
Ўзбекистон Президентининг ЖСТ масалалари бўйича вакили, Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси раиси Азизбек Урунов ХВЖнинг Яқин Шарқ ва Марказий Осиё департаменти маслаҳатчиси, жамғарманинг Ўзбекистондаги миссияси раҳбари Яссер Абдих билан учрашди.
Томонлар Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича Ишчи гуруҳнинг 2026 йил 27–28 июль кунлари бўлиб ўтган 13-йиғилиши якунларини кўриб чиқди. Шунингдек, ташкилотга аъзо давлатлар билан олиб борилаётган музокараларнинг бориши муҳокама қилинди.
Қўмита маълумотларига кўра, учрашувга қадар 190 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат таҳлил қилинган. Ушбу ишлар миллий қонунчиликни ЖСТ талабларига мувофиқлаштиришга қаратилган.
Иштирокчилар Ўзбекистондаги макроиқтисодий вазият, иқтисодий ислоҳотларнинг бориши ва уларнинг натижаларини ҳам муҳокама қилди.
ХВЖ вакиллари мамлакат иқтисодиёти ўсишидаги ижобий динамикани қайд этиб, сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотларга баҳо берди.
Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигининг ягона тизимини шакллантириш, санитария ва фитосанитария талабларини халқаро стандартларга уйғунлаштириш, шунингдек, ушбу соҳадаги институционал механизмларни такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
ХВЖ вакиллари Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини қўллаб-қувватлашини тасдиқлади ҳамда ушбу жараённи якунлаш учун зарур амалий ва техник ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди.