Озарбайжон Президенти давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев рафиқаси ҳамроҳлигида 23 август куни давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди.
“Тошкент-Ҳумо” халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонларни давлатимиз раҳбари ва рафиқаси кутиб олдилар.
Икки мамлакат давлат байроқлари кўтарилиб, фахрий қоровул саф тортди.
Ташриф дастурига мувофиқ, бугун Ўзбекистон ва Озарбайжон етакчилари олий даражадаги музокаралар ҳамда Олий давлатлараро кенгашнинг учинчи йиғилишини ўтказадилар.
Саммит давомида салмоқли ҳужжатлар тўпламини имзолаш ҳамда қатор иқтисодий ва гуманитар лойиҳаларни ишга тушириш режалаштирилган.