7
Ўзбекистон

Пушкин институти волонтёрлари Наманган вилоятига келади

Пушкин институти волонтёрлари Наманган вилоятига келади
Пушкин институти волонтёрлари Наманган вилоятига келади / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил 17–24 октябрь кунлари Наманган вилоятида «Дунёда рус тили элчилари» халқаро волонтёрлик дастури доирасида таълимий-маърифий экспедиция бўлиб ўтади.

Ўн нафар волонтёр мактаб ўқувчилари ва талабалар учун рус тили, адабиёти ҳамда Россия маданиятига бағишланган интерактив машғулотлар, ижодий топшириқлар ва маҳорат дарсларини ташкил этади. Бу ҳақда А.С. Пушкин номидаги Давлат рус тили институти маълум қилди.

Экспедицияга Пушкин институтининг методисти ва ташкилотчиси раҳбарлик қилади. Унда рус тили элчиси мақомига эга бўлган тажрибали иштирокчилар билан бир қаторда хорижий аудиторияда илк бор машғулот ўтказадиган волонтёрлар ҳам қатнашади.

Улар учун ушбу сафар «Рус тили элчиси» фарқловчи белгисини олиш йўлидаги муҳим босқич бўлади.

Машғулотлар вилоятдаги бир нечта таълим муассасасида ўтказилади. Исҳоқхон Ибрат номидаги Наманган давлат чет тиллари институтида волонтёрлар рус тили ва адабиётини ўрганаётган талабалар, шунингдек, келажакда рус тили ўқитувчиси бўладиган ёшлар билан учрашади.

Маҳорат дарслари ва учрашувлар Бизнес ва ҳуқуқ университети, Наманган давлат университети, «Туран» халқаро университети ҳамда «IZB» хусусий мактабида ҳам ўтказилиши режалаштирилган.

«Ўзбекистон “Дунёда рус тили элчилари” дастури фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Ишончим комилки, Наманган вилояти мактаблари ва университетларида ўтказиладиган машғулотлар ёшларнинг рус тилига бўлган қизиқишини мустаҳкамлашга ёрдам беради ҳамда мамлакатларимиз ўртасидаги таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги яна бир қадам бўлади», — деди Пушкин институти ректори Никита Гусев.

Дастур иштирокчиси Полина Дюдина учун бу экспедиция илк сафар бўлади. «Бу менинг биринчи экспедициям ва хорижга биринчи сафарим. Рус тили бўйича машғулотлар ўтказишдан ҳамда болаларни Россия таълим тизими ва унинг имкониятлари билан таништиришдан мамнун бўламан», — деди у.

«Дунёда рус тили элчилари» дастури Пушкин институти томонидан 2015 йилдан буён Россия Фан ва олий таълим вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Россотрудничество кўмагида амалга ошириб келинмоқда.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.