Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йилнинг январь–август ойларида Ўзбекистон дунёнинг 200 дан ортиқ мамлакати билан савдо алоқаларини амалга оширди. Мамлакатнинг энг йирик савдо ҳамкорлари Хитой, Россия ва Қозоғистон бўлди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.
Хитой ҳиссасига Ўзбекистон ташқи савдо айланмасининг 13,2 миллиард доллари тўғри келди. Иккинчи ўринни 9,2 миллиард долларлик кўрсаткич билан Россия эгаллади. Учинчи ўриндан эса Қозоғистон жой олди — ушбу мамлакат билан савдо ҳажми 3,7 миллиард долларни ташкил этди.
Энг йирик бешта савдо ҳамкори қаторига Туркия ва Афғонистон ҳам кирди. Туркия билан ташқи савдо айланмаси 1,9 миллиард долларга, Афғонистон билан эса 1,4 миллиард долларга етди.
Ўзбекистоннинг энг йирик ўнта савдо ҳамкори рўйхатидан Жанубий Корея ҳам ўрин олди. Ушбу мамлакат билан савдо ҳажми 1,3 миллиард долларни ташкил этди. Франция ва Бирлашган Араб Амирликлари билан ташқи савдо айланмаси эса ҳар бири 1,2 миллиард долларга тенг бўлди.
Рўйхатдан Хитойнинг махсус маъмурий ҳудуди бўлган Гонконг ҳам жой олди. У билан савдо ҳажми 980,1 миллион долларни ташкил этди. Қирғиз Республикаси ҳам энг йирик савдо ҳамкорлари ўнталигига кирди — ушбу мамлакат ҳиссасига 908,4 миллион доллар тўғри келди.
2026 йилнинг дастлабки саккиз ойида Ўзбекистоннинг умумий ташқи савдо айланмаси 57,4 миллиард долларни ташкил этди.