Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Ўзбекистонда ипотека кредитлари 13,1 трлн сўмга етди

UzDaily таҳририяти · 25.07.2026 · 14:15 · 60 views
Ўзбекистонда ипотека кредитлари 13,1 трлн сўмга етди

Ўзбекистонда ипотека кредитлари 13,1 трлн сўмга етди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йилнинг январь–июнь ойларида Ўзбекистон тижорат банклари томонидан 13,1 триллион сўмлик ипотека кредитлари ажратилди. Бу ҳақда Марказий банк маълум қилди. Ипотека кредитларини 42,6 минг нафар фуқаро олган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,6 триллион сўмга кўпдир.

Ипотека кредитлари бўйича ўртача фоиз ставкаси молиялаштириш манбасига қараб 16,8 фоиздан 21,6 фоизгача бўлди. Жумладан, республика бюджети маблағлари ҳисобидан ажратилган кредитлар учун ставка 16,8 фоизни, банклар маблағлари ҳисобидан берилган кредитлар учун 20,1 фоизни, Имтиёзли ипотека кредитлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ажратилган кредитлар учун эса 21,6 фоизни ташкил этди.

Ажратилган ипотека кредитларининг 75 фоизи бирламчи уй-жой бозори ҳиссасига тўғри келди. Янги уй-жойлар учун 9,8 триллион сўмлик кредитлар ажратилиб, қарийб 32 минг нафар қарз олувчи ушбу имкониятдан фойдаланган. Регулятор буни янги уй-жойларга бўлган юқори талаб билан изоҳлади. Қолган 25 фоиз, яъни 3,3 триллион сўмлик кредитлар 10,6 минг нафар қарз олувчига иккиламчи уй-жой бозори учун йўналтирилди.

Ҳудудлар кесимида ипотека кредитларининг энг катта ҳажми Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келди — 4,01 триллион сўм. Вилоятлар орасида Тошкент вилояти 1,1 триллион сўм ва Фарғона вилояти 888 миллиард сўм билан етакчилар қаторида бўлди. Энг паст кўрсаткич эса Сурхондарё вилоятида қайд этилиб, 356 миллиард сўмни ташкил қилди.

Банклар кесимида ажратилган ипотека кредитлари ҳажми бўйича «Халқ банки» 2,2 триллион сўм билан биринчи ўринни эгаллади. Ундан кейин «Агробанк» 1,96 триллион сўм, «Миллийбанк» 1,68 триллион сўм ва «Ипотекабанк» 1,58 триллион сўм кўрсаткич билан жойлашди.

Қарз олувчиларнинг ёши бўйича асосий улуш 31–50 ёш тоифасига тўғри келди. Ушбу гуруҳ умумий ипотека кредитларининг 65 фоизини ёки 27,5 минг нафар қарз олувчини ташкил қилди. 18–30 ёшли қарз олувчилар улуши 25 фоизни ёки 10,9 минг нафарни, 51 ёшдан катта қарз олувчилар эса 10 фоизни ёки 4,2 минг нафарни ташкил этди.

Марказий банк маълумотларига кўра, 2021–2025 йилларда ҳар йили ажратиладиган ипотека кредитлари ҳажми икки баравардан зиёд ошган. Хусусан, бу кўрсаткич 9,8 триллион сўмдан 21,2 триллион сўмгача кўтарилган.