Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Ўзбекистонда «яшил» энергия ишлаб чиқариш 23%га ошди

UzDaily таҳририяти · 25.07.2026 · 14:45 · 16 views
Ўзбекистонда «яшил» энергия ишлаб чиқариш 23%га ошди

Ўзбекистонда «яшил» энергия ишлаб чиқариш 23%га ошди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йилнинг январь–июль ойларида Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларидан 7 миллиард кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 23 фоизга кўпдир.

Расмий маълумотларга кўра, мамлакатда умумий ўрнатилган қуввати 5 602 МВт бўлган 21 та «яшил» энергия ишлаб чиқариш объекти фаолият юритмоқда. Улар таркибига умумий қуввати 3 930 МВт бўлган 15 та қуёш электр станцияси ҳамда қуввати 1 672 МВт бўлган 6 та шамол электр станцияси киради.

Сўнгги йилларда «яшил» электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми изчил ўсиб бормоқда. Хусусан, 2022 йилда бу кўрсаткич 434 миллион кВт·соатни, 2023 йилда 576,9 миллион кВт·соатни, 2024 йилда 4,9 миллиард кВт·соатни ташкил этган бўлса, 2025 йилда 10,5 миллиард кВт·соатга етган.

Умуман олганда, 2022 йилдан 2026 йил июль ойига қадар Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларидан 23,4 миллиард кВт·соатдан ортиқ электр энергияси ишлаб чиқарилган.

Таъкидланишича, бунинг натижасида тахминан 6,24 миллиард куб метр табиий газ тежалган ва атмосферага қарийб 13,46 миллион тонна зарарли моддалар чиқарилишининг олди олинган. Ҳокимият ушбу натижаларни қайта тикланувчи энергетикани ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш, инвестицияларни жалб этиш ҳамда замонавий технологияларни жорий этиш билан изоҳламоқда.