Қамчиқ довонида юк машинаси ариқдан олиб чиқилди
Қамчиқ довонида юк машинаси ариқдан олиб чиқилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қамчиқ довони орқали ўтувчи А-373 автомобиль йўлида ариққа чиқиб кетган юк автомобили Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчилари томонидан эвакуация қилинди. Ҳодиса оқибатида жабрланганлар йўқ.
ФВВ маълум қилишича, йўл-транспорт ҳодисаси ҳақидаги хабар 21 июль куни соат 04:30 да «Қамчиқ» махсус қутқарув бошқармасига келиб тушган.
Дастлабки маълумотларга кўра, «Тошкент — Фарғона водийси» йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган Isuzu русумли юк автомобили ҳайдовчиси бошқарувни уддалай олмаган. Оқибатда транспорт воситаси йўл четидаги ариққа чиқиб кетган.
Ҳодиса жойига етиб келган Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари махсус техника ёрдамида юк автомобилини чиқариб, хавфсиз жойга кўчирган.
Идора маълумотига кўра, йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳеч ким жабрланмаган.