Санкт-Петербургда МДҲ давлатлари ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорлик муҳокама қилинди
Санкт-Петербургда МДҲ давлатлари ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорлик муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига (МДҲ) аъзо мамлакатлар Парламентлараро ассамблеяси доирасида “Давлатлараро ҳамкорлик ва сайёҳларга фавқулодда вазиятларда ёрдам кўрсатиш ҳамда МДҲ мамлакатлари фуқаролари хавфсизлигини таъминлаш бўйича илғор миллий тажрибадан фойдаланган ҳолда ўзаро сайёҳлар оқимини кўпайтириш” мавзусидаги халқаро сессия бўлиб ўтди.
Мазкур нуфузли тадбирда МДҲга аъзо давлатларнинг парламент вакиллари, туризм соҳаси мутахассислари, тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Сессия давомида минтақада туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда вазиятларда тезкор ҳамкорлик механизмларини такомиллаштириш ҳамда ўзаро туристлар оқимини кўпайтиришга қаратилган долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Тадбир доирасида делегациялар ўртасида икки томонлама ва кўп томонлама учрашувлар ташкил этилиб, туризм соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, тажриба алмашиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда сайёҳлар учун янада қулай ва хавфсиз муҳит яратиш юзасидан музокаралар олиб борилди.
Шунингдек, сессия давомида туризм инфратузилмасини ривожлантириш, рақамли технологияларни кенг жорий этиш, сайёҳларга фавқулодда вазиятларда тезкор ёрдам кўрсатиш механизмларини такомиллаштириш, хавфсиз туризм стандартларини уйғунлаштириш ҳамда МДҲ ҳудудида ягона ва жозибадор туристик маконни шакллантириш бўйича илғор тажрибалар юзасидан фикр алмашилди.
Учрашувлар якунида иштирокчилар ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, туризм соҳасида тажриба алмашишни изчил давом эттириш ҳамда амалий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдирдилар.