Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Ўзбекистон ва Италия қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиради

UzDaily таҳририяти · 22.07.2026 · 12:40 · 28 views
Ўзбекистон ва Италия қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиради

Ўзбекистон ва Италия қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиради

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Италиянинг Рим шаҳрида, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) бош қароргоҳида ўтказилаётган Қишлоқ хўжалиги қўмитасининг (COAG) 30-сессияси доирасида Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Италия Республикаси қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат суверенитети ва ўрмонлар вазири Франческо Лоллобрижида билан учрашув ўтказди.

Музокараларда аграр соҳадаги икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, замонавий технологияларни жорий этиш, илмий алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда инвестициявий лойиҳаларни жадаллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувда Иброҳим Абдураҳмонов Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва тармоқни рақамлаштириш бўйича ислоҳотлар изчил давом эттирилаётганини таъкидлади. Унинг қайд этишича, бу жараёнда Италиянинг илғор тажрибаси ва замонавий технологияларини жорий этиш икки мамлакат ҳамкорлигининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Томонлар Италияда суғурта ва тўлов тизимларида қўлланилаётган АнтиФрауд рақамли тизимини ўрганиш ҳамда уни Ўзбекистонда амалиётга жорий этиш юзасидан ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар. Мазкур тизим суғурта ва молиявий операцияларда шаффофликни таъминлаш, коррупциявий хавфларни камайтириш ҳамда бошқарув самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Мулоқот давомида илмий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Италиянинг Қишлоқ хўжалиги илмий-тадқиқот маркази (CREA) ҳамда Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги академияси ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма илмий тадқиқотларни амалга ошириш, профессор-ўқитувчилар ва илмий ходимлар алмашинувини йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди.

Шунингдек, Италиянинг Бонифиче Феррареси компанияси билан амалга оширилаётган қўшма инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш, уларнинг ижросини тезлаштириш, шунингдек, Contratti di Filiera ва Contratti di Distretto механизмларини Ўзбекистон шароитига мослаштириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Франческо Лоллобрижида Ўзбекистон, Италия ва Озарбайжон иштирокида йўлга қўйилган уч томонлама ҳамкорлик формати қисқа муддатда муҳим натижалар берганини алоҳида таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, мазкур платформа ўз самарадорлигини амалда исботлаган бўлиб, уни келгусида ҳам изчил ривожлантириш режалаштирилган.

Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги стратегик аграр ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, инновацион технологиялар трансферини кенгайтириш, илмий алмашинувни фаоллаштириш ҳамда қўшма инвестиция лойиҳаларини самарали амалга ошириш бўйича ҳамкорликни изчил давом эттиришга келишиб олдилар.