Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Ўзбекистон Яқин Шарқдаги хавфларнинг иқтисодиётга таъсирини баҳолади

UzDaily таҳририяти · 21.07.2026 · 12:00 · 45 views
Ўзбекистон Яқин Шарқдаги хавфларнинг иқтисодиётга таъсирини баҳолади

Ўзбекистон Яқин Шарқдаги хавфларнинг иқтисодиётга таъсирини баҳолади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ҳукумат Яқин Шарқдаги кескинликнинг мамлакат иқтисодиётига эҳтимолий таъсирини баҳолади. Бу ҳақда 2027–2029 йилларга мўлжалланган Фискал стратегияда сўз юритилган.

Ҳужжатга кўра, геосиёсий можаролар, хомашё бозорларидаги юқори ўзгарувчанлик ва жаҳондаги инфляция босими қисқа ва ўрта муддатли истиқболда макроиқтисодий ҳамда фискал барқарорлик учун асосий хавфлар сифатида қайд этилган.

Ҳужжатда таъкидланишича, Ўзбекистоннинг мазкур минтақага тўғридан-тўғри савдо боғлиқлиги нисбатан паст ҳисобланади. 2025 йилда Ўзбекистоннинг Яқин Шарқ мамлакатлари — Эрон, Исроил, Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари, Баҳрайн, Қувайт ва Саудия Арабистони билан ташқи савдо айланмаси 2,1 млрд долларни ёки мамлакат умумий ташқи савдо айланмасининг 2,6 фоизини ташкил этган.

Ушбу давлатларга экспорт ҳажми 933 млн долларга ёки жами экспортнинг 2,8 фоизига етган. Шундан 720 млн доллари Бирлашган Араб Амирликларига, 156 млн доллари Эронга ва 32,9 млн доллари Исроилга тўғри келган. Экспорт таркибида хизматлар, тўқимачилик маҳсулотлари, озиқ-овқат, нефть маҳсулотлари ва металлар устунлик қилади. Минтақадан импорт ҳажми эса 1,2 млрд долларни ёки умумий импортнинг 2,4 фоизини ташкил этган.

Шу билан бирга, ҳужжатда қайд этилишича, Яқин Шарқдаги можаролар аллақачон глобал таъминот занжирларида узилишлар юзага келишига ҳамда нефть, минерал ўғитлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари жаҳон нархларининг ошишига сабаб бўлмоқда. Бу жараёнлар Ўзбекистон иқтисодиётига ташқи савдо ва логистика жараёнларининг мураккаблашиши, импорт нархларининг қимматлаши ҳамда жаҳон иқтисодиёти ўсиш суръатларининг секинлашиши орқали таъсир кўрсатиши мумкин.

Хавфларни миқдорий баҳолаш мақсадида стратегияда асосий сценарий билан бир қаторда ташқи ва ички шокларнинг кучайишини назарда тутувчи муқобил сценарий ҳам ишлаб чиқилган.

Макроиқтисодий хавфлар, давлатнинг шартли мажбуриятлари ҳамда давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бўйича мажбуриятлар доимий равишда мониторинг қилинади. Таҳлиллар якунлари асосида эса тегишли жавоб чоралари ишлаб чиқилиб, эълон қилинади.