Ўзбекистон ва ФАО ҳамкорликнинг янги йўналишларини муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва ФАО ҳамкорликнинг янги йўналишларини муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов 2026 йил 20–24 июль кунлари Италиянинг Рим шаҳрида БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) бош қароргоҳида ўтказилаётган Қишлоқ хўжалиги қўмитасининг (СОАG) 30-сессияси ишида иштирок этмоқда.
Сессия доирасида вазир ФАО Бош директорининг биринчи ўринбосари Маурицио Мартина билан учрашди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ва ФАО ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, истиқболдаги устувор йўналишлар, шунингдек, амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар ва дастурларни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда Тошкент шаҳрида ФАОнинг технологиялар ва илғор тажрибалар марказини (Centre of Excellence) ташкил этиш ташаббуси алоҳида кўриб чиқилди.
Мазкур марказ орқали халқаро илғор қишлоқ хўжалиги тажрибалари ва замонавий технологияларни намойиш этиш, уларни мамлакатимиз шароитида синовдан ўтказиш ва амалиётга жорий этиш, шунингдек, Ўзбекистоннинг аграр соҳадаги тажрибасини бошқа давлатлар билан алмашиш имкониятлари яратилиши таъкидланди.
Томонлар ФАО ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, илм-фан, инновациялар ва замонавий технологиялар йўналишларида қўшма ташаббусларни ривожлантириш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.
Учрашув якунида Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Маурицио Мартинага ФАО Бош директори лавозимига бўлиб ўтадиган сайловларда омад ва муваффақият тилади.