Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Чирчиқда сув таъминоти филиали раҳбарияти жазоланди

UzDaily таҳририяти · 22.07.2026 · 12:35 · 31 views
Чирчиқда сув таъминоти филиали раҳбарияти жазоланди

Чирчиқда сув таъминоти филиали раҳбарияти жазоланди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Давлат меҳнат инспекцияси Чирчиқ шаҳри «Сув таъминоти» филиали раҳбариятини меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этмасдан ходимларни ғайриоддий иссиқ шароитида ишга жалб қилгани ҳақидаги ҳолат юзасидан маъмурий жавобгарликка тортди.

Текширув ижтимоий тармоқларда тарқалган тегишли хабарлардан сўнг ўтказилди. Унинг якунларига кўра, 2026 йил 18 июль куни филиалнинг олти нафар ходими ҳаво ҳарорати юқори бўлган ва меҳнат шароитлари ноқулай пайтда кундузи иш бажаргани аниқланган.

Аниқланган қонунбузилишлар муносабати билан филиал раҳбарига Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 49-моддаси 1-қисмига мувофиқ, Меҳнат кодекси, «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонун ҳамда SanQvaN 0069-24 санитария меъёрлари талабларига риоя қилмаганлик учун маъмурий жавобгарлик чораси қўлланилди.

Шунингдек, иш берувчига бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилди.

Жумладан, ишлар соат 10:00 гача ёки 17:00 дан кейин ташкил этилиши, ходимлар ичимлик суви, сояда дам олиш жойлари ва шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланиши, шунингдек, юқори ҳарорат шароитида меҳнат қилаётган ходимларнинг соғлиғи устидан доимий назорат ўрнатилиши топширилди.

Давлат меҳнат инспекциясида таъкидланганидек, ходимларнинг ҳаёти ва соғлиғини таъминлаш ҳар бир иш берувчининг биринчи навбатдаги мажбурияти ҳисобланади.