Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

СОАG-30 йиғилишида озиқ-овқат хавфсизлиги устуворликлари муҳокама қилинди

UzDaily таҳририяти · 22.07.2026 · 12:45 · 35 views
СОАG-30 йиғилишида озиқ-овқат хавфсизлиги устуворликлари муҳокама қилинди

СОАG-30 йиғилишида озиқ-овқат хавфсизлиги устуворликлари муҳокама қилинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Италиянинг Рим шаҳридаги БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) бош қароргоҳида Қишлоқ хўжалиги қўмитаси (СОАG)нинг 30-сессияси бўлиб ўтмоқда. Дунёнинг турли мамлакатлари вазирлари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва соҳа экспертларини бир майдонга жамлаган нуфузли тадбирда Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов ҳам иштирок этди.

Сессия доирасида “Дунёда озиқ-овқат хавфсизлиги ва овқатланиш ҳолати — 2026” (SOFI 2026) ҳисоботининг тақдимоти бўлиб ўтди. Унда сўзга чиққан вазир Иброҳим Абдураҳмонов соғлом овқатланишни таъминлаш нафақат озиқ-овқатнинг етарли бўлиши, балки унинг хавфсиз, тўйимли, хилма-хил ҳамда аҳолининг барча қатламлари учун ҳамёнбоп бўлишини таъминлаш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан бири эканини таъкидлади.

“Соғлом овқатланишнинг ҳамёнбоплиги бутун агросаноат озиқ-овқат тизимига боғлиқ. Шу боис бу мақсадга фақат ишлаб чиқаришдан тортиб истеъмолчигача бўлган қиймат занжири бўйлаб ўзаро уйғун ва мувофиқлаштирилган чоралар орқали эришиш мумкин”, — деди вазир.

Шунингдек, у Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларга тўхталди. Хусусан, 2025 йилда “Озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонун қабул қилингани ҳамда 2030 йилгача мўлжалланган Озиқ-овқат хавфсизлиги ва соғлом овқатланиш миллий стратегияси изчил амалга оширилаётгани қайд этилди.

“Ўзбекистон тажрибаси шуни кўрсатадики, соғлом овқатланиш нархини пасайтириш учун уч йўналишда изчил ҳаракат қилиш зарур: тўйимли озиқ-овқат ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш, сақлаш ва логистика тизимини такомиллаштириш ҳамда аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш”, — деди Иброҳим Абдураҳмонов.

Анжуманда озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида инновацияларни ривожлантириш, биоиқтисодиётни қўллаб-қувватлаш, “Ягона саломатлик” (One Health) концепциясини илгари суриш, шунингдек, қишлоқ ҳудудларини ривожлантиришда аёллар, ёшлар, оилавий фермер хўжаликлари ва деҳқонларнинг ролини кучайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

SOFI 2026 ҳисоботида соғлом овқатланиш нархининг юқорилиги очлик ва тўйиб овқатланмасликка қарши курашдаги асосий муаммолардан бири экани қайд этилди. Муҳокамалар давомида соғлом овқатланиш нархига таъсир этувчи омиллар, ҳудудлар кесимидаги тафовутлар, агросаноат озиқ-овқат тизимидаги мавжуд муаммолар ҳамда ушбу йўналишда самарали сиёсий ва инвестициявий чораларни кучайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон делегациясининг СОАG-30 сессиясидаги фаол иштироки мамлакатимизнинг озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган изчил сиёсатининг яна бир амалий ифодаси бўлди.