Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Ўзбекистон

Ўзбекистон йирик компаниялардаги улушларини сотувга чиқаради

Дилафруз Ниязова · 08.09.2026 · 16:15 · 41 views
Ўзбекистон йирик компаниялардаги улушларини сотувга чиқаради
Ўзбекистон йирик компаниялардаги улушларини сотувга чиқаради / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон йирик компания ва корхоналардаги давлат акциялари пакетлари ва улушларини сотувга чиқаришни режалаштирмоқда. Активлар рўйхати давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартиришга қаратилган 28 августдаги Президент фармони билан тасдиқланган.

Рўйхатдаги энг йирик банк активи «Туронбанк» бўлиб, унинг 98,9 фоиз акциясини очиқ савдога чиқариш режалаштирилмоқда. Иқтисодиёт ва молия вазирлигига банкнинг тайёрлик даражаси ва халқаро консультантларнинг хулосаларини ҳисобга олган ҳолда уни хусусийлаштиришга тайёрлаш топширилди.

Давлатга 100 фоиз тегишли бўлган Xalq Sug‘urta суғурта компаниясини тўлиқ хусусийлаштириш режалаштирилмоқда.

Транспорт соҳасида «Ўзбекистон темир йўллари» тизимига кирувчи Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводининг 90 фоиз акцияси ҳамда Андижон механика заводининг 100 фоиз улуши сотувга чиқарилади.

Рўйхатга «Ўзэкспомарказ»нинг 91,83 фоизи, Халқаро ҳамкорлик марказининг 79,27 фоизи, KO-UNG CYLINDERнинг 54,76 фоизи, Kor-UNG Investmentнинг 50 фоизи, V-GEN BIOPHARMAнинг 50 фоизи, Inno Texnoparkнинг 100 фоизи, Ustudyнинг 50 фоизи ва O‘ZBEK-TURK TEST MARKAZIнинг 51 фоизи ҳам киритилган.

«Ўзэкспомарказ» ва Халқаро ҳамкорлик маркази учун алоҳида тартиб белгиланган. Уларни хусусийлаштириш Президент Администрацияси билан келишилган концепциялар ва сотув шартлари асосида амалга оширилиши керак.

Рўйхатга давлатнинг «Трастбанк»даги 0,001 фоизлик улуши ҳам киритилган. Ушбу пакетни қийматини алоҳида баҳоламасдан, биржа котировкаси бўйича сотишга рухсат берилган.

Хусусийлаштириш йўл соҳасига ҳам тааллуқли бўлади. Давлат Avtomagistral унитар корхонасидаги акциялар пакетлари ва улушларини, шунингдек, автомобиль йўлларини қуриш, эксплуатация қилиш ва сақлаш билан шуғулланувчи қатор ҳудудий корхоналардаги улушларини сотишни режалаштирмоқда.

Бундан ташқари, рўйхатга савдо объектлари, жумладан, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент ва Фарғона вилоятларидаги деҳқон бозорлари ҳамда савдо мажмуаларидаги давлат улушлари ҳам киритилган. Рўйхатга киритилган кўплаб корхоналарда давлат назорат пакетларига эга.

Мазкур рўйхат 28 августдаги Президент фармонида назарда тутилган давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш чора-тадбирларининг бир қисми ҳисобланади.